Россиялик миллиардер Ўзбекистонга мамлакатни дунёга очишда ёрдам беради ва қўлидан келганича сармоя киритади

Дата: 16:12, 05-12-2017.

Тошкент. 5 декабр. ЎзТАГ – Россиялик миллиардер Алишер Усмонов Reuters агентлигига интервьюда Ўзбекистонга мамлакатни дунёга очишда ёрдам бераётгани ва қўлидан келганича сармоя киритиши ҳақида гапириб берди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Усмоновнинг қўллаб қувватлаши кўп эҳтимоли билан чорак асрлик репрессив сиёсат ва совет даврига хос иқтисодий ҳукмронликдан кейин мамлакатни модернизация қилишга интилаётган, лекин ичкаридан қарама қаршиликка дуч келиши мумкин бўлган Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг позицияларини мустаҳкамлайди”, - деб таъкидлайди агентлик.

“Ҳар томонлама ёрдам беришга тайёрман ва шундай қиляпман ҳам. Менинг бугунги кундаги ишим – маслаҳат бериш ва хайрия лойиҳалари”, - деди Усмонов телефон интервьюсида.

Ўзбекистонга қанча маблағ киритишга тайёр экани ҳақидаги саволга у “қўлимдан келганича”, деб жавоб берди.

Айни пайтда тадбиркор сармоялари моқдорини очмади, аммо 49 фоиз акциясига эгалик қилувчи Россиянинг USM холдинг компанияси ва Ўзбекистоннинг металлургия заводи ўртасида алоқалар мустаҳкамланаётганини гапириб ўтди. Усмонов бу алоқаларнинг тафсилотларига ойдинлик киритмади. 

“Ҳозирги раҳбариятнинг молиявий ислоҳотлардаги дадиллиги менда улкан ҳурмат уйғотади. Мен бу нарса аксарият мамлакатларда бўлгани каби 3-5 йил вақт олса керак, деб ўйлаган эдим. Аммо бу иш деярли бир йилда ҳал этилди”, - деди ишбилармон.

“Авваллари Ўзбекистонга сармоя киритишдан ҳамма чўчир эди, чунки даромадларни олиб чиқиб кетиш механизми йўқ эди. Бугун муаммо қонун нуқтаи назаридан деярли ҳал қилиб бўлинди, фақат уни техник жиҳатдан расмийлаштириш қолди. Бу Ўзбекистон учун улкан, илғор ислоҳотлар”, - деб қайд этди у яна.

У ўз юртдошлари, шу жумладан, хорижда яшаётган ўзбекистонликларни ватанининг гуллаб-яшнаши ва сиёсий жиҳатдан адолатли давлатга айланишида ёрдам беришга чақирди. “Мен ўз вазифамни шунда кўряпман, чунки бугунги нафақа ёшида қўлимдан келадигани – фақат ёрдам бериш ва ўз тажрибам билан бўлишиш”. 

Эслатиб ўтамизки, 64 ёшли Усмонов – Россиядаги энг бой бизнесменлар рўйхатида бешинчи ўринда. Forbes журнали унинг бойлигини $15,2 млрдга баҳолайди, бу эса Ўзбекистон ЯИМнинг тахминан бешдан бирига тенг келади.

Усмонов Ўзбекистонда туғилган, лекин ёшлигидаёқ Москвага кўчиб ўтган.

Янгилик билан ўртоқлашиш: