Россиянинг икки етакчи тиббий маркази Хоразм вилоятида ўз филиалларини очиши мумкин

Дата: 12:41, 30-01-2017.

Тошкент. 30 январ. ЎзТАГ – Россиянинг икки етакчи тиббий маркази Ўзбекистоннинг Хоразм вилоятида ўз филиалларини очиши мумкин. Бу ҳақида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Хоразм вилоятига қилган ташрифи доирасида маълум қилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Республика ихтисослаштирилган кардиология марказининг Хоразм филиалида Россия Федерациясининг А.Бакулев номидаги юрак-қон томир жарроҳлиги илмий-амалий маркази филиалини ташкил этиш режалаштирилмоқда”, - деб таъкидлашди давлат маркази матбуот хизматида.

Таъкидланишича, бу чақалоқларда учрайдиган юрак нуқсонларини аниқлаш ва даволаш, йилига 3 мингдан зиёд беморга ихтисослашган тиббий ёрдам кўрсатишга имконият яратади. Мазкур шифохона Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро вилоятлари аҳолиси учун минтақавий марказ бўлади.

“Тошкент тиббиёт академиясининг Урганч филиалида И.Павлов номидаги Биринчи Санкт-Петербург давлат тиббиёт университети билан ҳамкорликда клиника ташкил этилади. Бу ерда эндокринология, отолорингология, гематология, аллергология, терапия бўлимлари очилади”, - дейилади хабарда.

Университет олим ва шифокорлари бу ерда дарс беради, диагностика ишларини олиб боради ва даволайди. Талабалар клиникада замонавий даволаш усулларини чуқурроқ ўрганадилар.

Ш.Мирзиеев ташкил этиладиган бу икки муассаса Оролбўйи аҳолиси учун тарихий ва ижтимоий аҳамиятга эга эканини алоҳида таъкидлади. Бу марказлар мазкур ҳудудда кўп учрайдиган касалликларни самарали даволаш, тиббиёт ходимлари ва ўқитувчиларнинг билим ва малакасини оширишда муҳим ўрин тутади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: