Россиянинг “Культура” телеканали Ўзбекистон ҳақида фильм суратга олмоқда
Тошкент. 25 июл. ЎзТАГ – Ўзбекистонда “Ўзбекистон: қўлга киритилган топилмалар” номли ҳужжатли филмни суратга олиш ишлари бошланди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Бир соатга мўлжалланган мазкур ҳужжатли филм Россиянинг “Культура” телеканали, Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси (ЎзЭОАВМА) ва “Караван-ТВ” ҳамкорлигида суратга олинади. Филмда замонавий Ўзбекистоннинг бир неча асрлик анъаналари ва донишмандларининг ақл-заковати билан ҳамоҳанг равишда ривожланиб бораётгани ҳақида сўз боради. Улар ҳар бир қадамда учрашиб, ҳамжиҳатлик ва тотувликда кун кечирмоқда.
“Ўзбекистон ҳар доим турли динга ва маданиятга эътиқод қилувчи одамлар аҳил-иноқликда яшайдиган толерант ҳудуд бўлиб келган. Бунга суратга тушириш режалаштирилган Самарқанд шаҳрида жойлашган авлиё Даниил мақбарасини, Тошкент шаҳридаги католик ва православларнинг Успенский соборини мисол келтиришимиз мумкин. Бироқ ҳужжатли филмнинг асосий ғояси ва лейтмотиви мамлакатдаги энг бой маданий ва тарихий мерос ҳисобланган, Ўзбекистон олимлари томонидан ўрганиб келинган энг қадимий ёдгорликлар ёзуви ҳисобланади. Биз сизга ота-боболар ва муқаддас Ислом анъаналарига содиқ ҳолда замон билан ҳамнафас равишда ривожланиб бораётган Ўзбекистон ва унинг халқи ҳақида ҳикоя қиламиз”, - деди филм режиссёри Валерий Белов.
Филм продюсери Фирдавс Абдухолиқов ЎзЭОАВМА учун бу Россия телекомпанияси билан навбатдаги филмни суратга олиш лойиҳаси бўлганлигини таъкидлади.
“Биз илгари ҳам машҳур “Мастерская” кинокомпанияси билан ҳамкорликда “Ўзбекистон – қумликлар марвариди” ва Қорақалпоғистон ҳақидаги “Вақт қумликлари аро” номли ҳужжатли филмларни суратга олганмиз. “Култура-Россия” телеканали билан қилган ҳамкорлигимиз республикамизнинг мустақиллик байрами учун муносиб совға бўлади, деб умид қиламиз”, - деди у.
“Ўзбекистон: қўлга киритилган топилмалар” ҳужжатли филмининг суратга олиш ишлари Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хива, Термиз ва бошқа шаҳарларда бўлиб ўтади. Шу билан бирга съёмка жараёнида табиат манзараларидан, кино ва фото ҳужжатлардан, музей артефактларидан, шахсий архив ва архив кадрлардан фойдаланилади. Филмда машҳур архитекторларнинг, олимларнинг, тарихчи ва хаттотларнинг, Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида истиқомат қилувчи аҳолининг интервюлари янграйди.