Россиянинг тўртта шаҳрида Ўзбекистоннинг сайёҳлик имкониятлари тақдим этилади

Дата: 11:20, 13-11-2018.

Тошкент. 13 ноябр. ЎзТАГ – 18 ноябрга қадар Ўзбекистоннинг сайёҳлик имкониятлари Россиянинг тўртта шаҳарларида тақдим этилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“11 ноябр куни Ўзбекистон делегациясининг “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил” промо-акцияси доирасида Россия шаҳарлари бўйлаб бир қатор тақдимот ташрифлари бошланди. 11 ноябрдан 18 ноябргача Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, “Ўзшоробсаноат” акциядорлик компанияси ва мамлакатнинг сайёҳлик ташкилотлари вакиллари кирган Ўзбекистон делегациясининг йўналиши Россиянинг бир қатор шаҳарлари: Новосибирск, Екатеринбург, Қозон ва Уфа бўйлаб ўтади”, - дейилади Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизматининг хабарида.

Қайд этилишича, тадбир доирасида Ўзбекистонда маданий ва рекрецион имкониятлар, гастрономик, эко ва тоғ чанғиси туризмининг ривожланишига доир тақдимотлар, шунингдек, бепул тур пакет ютуғини ўтказиш режалаштирилган. Россиянинг касаба уюшмалари, сайёҳлик компаниялари ва ишбилармон доиралари вакиллари учун яқинлашиб келаётган қиш ва баҳор мавсуми учун “В2В” учрашувлари имкониятини ўз ичига олган махсус таклифлар, икки мамлакатнинг сайёҳлик бизнеслари ўртасида ҳамкорликни кенгайтириш имкониятлари тақдим этилади.

Реклама тадбири меҳмонлари ва иштирокчилари тиғис тақдимот дастури доирасида ўзбек ошхонасининг таомларини татиб кўришлари ва мусиқий гуруҳ томонидан тақдим этиладиган ранг-баранг миллий мусиқаларни тинглашлари мумкин бўлади.

Эслатиб ўтамиз, Tutu.ru сайтининг таҳлилига кўра, Ўзбекистон биринчи марта янги йил таътилларида россияликлар томонидан энг кўп сотиб олинган йўналишлар рейтингига бошчилик қилди. National Geographic Traveler журнали версияси бўйича мамлакат National Geographic Traveler Awards 2018 конкурсининг “Гастрономик туризм” номинациясида биринчи ўринни эгаллади.

Сурат манбаи: https://uz.sputniknews.ru

Янгилик билан ўртоқлашиш: