Россиянинг Ўзбекистондаги элчихонасига Краснодар ўлкасида Ту-154 самолётининг қулаши муносабати билан таъзияномалар келмоқда

Дата: 22:48, 27-12-2016.

Тошкент. 27 декабр. ЎзТАГ – Россиянинг Ўзбекистондаги элчихонасига Краснодар ўлкасида Ту-154 самолётининг қулаши муносабати билан таъзияномалар келмоқда, деб хабар қилинади РФ элчихонаси сайтида.

“Биз телефон, хатлар ва ижтимоий тармоқлар орқали ҳамдардлик билдираётган барча ўзбекистонликлардан миннатдормиз. Россия дипмиссиясига гуллар ва шамлар келтирганларга ҳам катта ташаккур”, - дейилади элчихона хабарида.

Олдин хабар берилгани каби, юқоридаги ҳодиса муносабати билан Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев РФ президенти Владимир Путинга таъзия билдирди. Олий Мажлис Сенати номидан эса раиснинг биринчи ўринбосари Содиқ Сафаев ҳамдардлик исҳор қилди. Ҳалок бўлганлар хотирасини эслаш учун элчихонага мудофаа вазири Қобул Бердиев ташриф буюрди.

Эслатиб ўтамизки, 25 декабрда РФ Мудофаа вазирлигининг Ту-154 самолёти Сочидан 05.40да учгач радарлардан йўқолиб қолди. Унинг бортида ҳарбийлар, ОАВ вакиллари, Александров номидаги ансамбль аъзолари бўлишган. Улар РФнинг Хмеймим авиабазасидаги ҳарбийларини янги йил билан қутлаш мақсадида учаётган бўлишган. Ту-154 бўлаклари Сочи қирғоғидан 1,5 км масофада 50-70 метр чуқурликдан топилди. Самолёт ҳалокати муносабати билан РФ ТҚ жиноят иши очди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: