Россотрудничество ваколатхонаси ёшлар учун ижодий конкурс ўтказмоқда
Тошкент. 18 апрел. ЎзТАГ – Бўлажак 9 май байрами арафасида Россотрудничествонинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ёшлар учун “Биз Ғалаба қахрамонларини хотирлаймиз ва ҳурмат қиламиз” номли ижодий конкурс ўтказмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Ваколатхона маълумотига кўра, танлов Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ва Л.Толстой номидаги Ахборот-ресурс маркази билан ҳамкорликда ташкил этилган.
Танлов халқ амалий санъати, суратлар, файхрийлар учун табрикномалар, бадиий ижод (шеърлар, эссе, ҳикоялар), суратлар, мусиқий ижод, фахрийларга бағишланган видеотақдимот йўналишларида ишларни қабул қилади.
Ишлар 14 апрелдан 1 майгача қабул қилинади. Ғолиблар 1-5 майда аниқланади.
Конкурсга умумтаълим мактаблари, коллеж, лицей ўқувчилари, бадиий мактаблар, болалар қўшимча таълим марказлари ўқувчилари таклиф этилади.