“Ростсельмаш” Ўзбекистонда ишлаб чиқаришни йўлга қўяди
Тошкент. 28 ноябр. ЎзТАГ – “Ростсельмаш” ва “Чирчиқ қишлоқ хўжалиги техникаси заводи” АЖ ўзаро ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоладилар. Унга мувофиқ, россия компаниясининг маҳсулотлари Ўзбекистонда ишлаб чиқарилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Меморандум “Чирчиқ қишлоқ хўжалиги техникаси заводи” АЖ бош директор Асаттула Сайдуллаевнинг Россияга ташрифи доирасида имзоланди.
Томонлар Ўзбекистон ҳудудида озуқа йиғувчи комбайн ва бошқа техникаларни биргаликда ишлаб чиқариш имкониятни яқиндан ўрганишга келишиб олдилар.
“Биз Ростсельмашда бизга зарур ва Ўзбекистон шароитига мос техникалар рўйхатини аниқлаштирдик. Булар ерга ишлов бериш, экинларни кимёвий ҳимоя қилиш машиналаридир. Шунингдек, ҳамкорликнинг бошқа шартлари ҳам келишиб олинди. Бу маҳаллийлаштириш даражаси аста секин ошиб борувчи қўшма ишлаб чиқариш бўлади, деб умид қиламиз”, - деб таъкидлади Сайдуллаев.
Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги яқин алоқалар мамлакат қишлоқ хўжалик техникаси паркини янгилаш вазифасини бажаришга имкон беради.
Ўз навбатида, “Ростсельмаш” вакиллари лойиҳа ишлаб чиқиш бошланганини маълум қилдилар. Режага кўра, биргаликда ишлаб чиқарилган биринчи техникалар баҳорда Ўзбекистон далаларига чиқади.