РТЙ Владимир вилоятидаги аварияда жабрланган ўзбекистонликларга 5 минг рублдан ёрдам пули берди
Тошкент. 9 октябр. ЎзТАГ – “Россия темир йўллари” АЖ (РТЙ) Владимир вилоятидаги аварияда жабрланган ўзбекистонликларга 5 минг рублдан ёрдам пули тўлади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
РИА Новостининг Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлигига асосланиб хабар беришича, “РФ ФВВ томонидан барча жабрланганларга зарур тиббий ва психологик ёрдам кўрсатилиб, иссиқ кийимлар берилган, овқат билан таъминланган ва ҳар бирига 5 минг рублдан ёрдам пули тўланган”.
Олдинроқ Ўзбекистон ТИВ якшанба куни Ҳарбий ҳаво кучларининг махсус борти “Жуковский” аэропортидан Термизга 36 жабрланган ва 15 вафот этганларнинг жасадини етказгани хабар қилган эди. Кейинроқ улар Тошкент, Андижон ва Бухоро шаҳарларига етказилган. Сирдарё ва Самарқанд вилоятидан бўлган жабрланувчилар Ўзбекистон Республикаси ФВВ автомобил транспортларида Тошкент шаҳридан ўз уйларига олиб борилди.
Ўзбекистон ТИВ маълумотига кўра, ҳолати оғир дея баҳоланган республиканинг уч фуқароси: икки катта ва бир бола Владимир вилоятидаги касалхонада қолдирилган.
РТЙдан РИА Новостига маълум қилишларича, ушбу ҳолда гап товон ҳақида эмас, балки бошқа давлат ҳудудида қийин вазиятда қолган кишиларга ёрдам сифатида берилган.
Эслатиб ўтамизки, жорий йилнинг 6 октябр куни Москва вақти билан соат 03:39да Владимир вилоятининг Петушин туманидаги Покров темир йўл станциясида Санкт-Петербург – Нижний Новгород орасида қатновчи поезд ва автобус тўқнашуви содир бўлган эди. Автобусда 58 киши бўлиб, бундан 56 нафари Ўзбекистон фуқаролари бўлган. Икки ҳайдовчи қозоғистонлик бўлишган.