Рустам Азимов бош вазир ўринбосари лавозимини тарк этди ва “Ўзбекинвест” компаниясига раҳбар бўлди

Дата: 15:20, 06-06-2017.

Тошкент. 6 июн. ЎзТАГ – Рустам Азимов бош вазир ўринбосари лавозимини тарк этди ва “Ўзбекинвест” компаниясига раҳбар бўлди. Бу ҳақида “Газета.uz” нашри ҳукуматдаги манбасига асосланиб хабар бермоқда.

 Хабар қилинишича, у Вазирлар Маҳкамасида Макроиқтисодий ривожлантириш, таркибий ўзгартиришлар, хорижий инвестицияларни жалб этиш комплексига раҳбарлик қилиб келаётган эди.

Таҳририятда мавжуд маълумотларга кўра, эндиликда Рустам Азимов “Ўзбекинвест” экспорт-импорт миллий суғурта компаниясига етакчилик қилади.

2005 йилдан Молия вазирининг биринчи ўринбосари бўлиб ишлаб келаётган Жамшид Қўчқоров бош вазирнинг янги ўринбосари бўлди.

Рустам Азимов (1958 йилда туғилган) кўп йиллар давомида бош вазирнинг биринчи ўринбосари – молия вазири лавозимида ишлаб келган. У ўтган йилнинг декабрида молия вазири лавозимидан озод қилиниб, бош вазир ўринбосари этиб тайинланган эди.

Жамшид Қўчқоров (1964 йилда туғилган) молия вазири ўринбосарлигига тайинлангунга қадар Марказий банк раиси ўринбосари (1996−1997) ва молия вазири ўринбосари – Молия вазирлиги Давлат бюджети бош бошқармаси бошлиғи (1997−2005) лавозимларида ишлаган.

Янгилик билан ўртоқлашиш: