Сўнгги уч ҳафта мобайнида Ўзбекистон Марказий банки миллий валютанинг АҚШ долларига нисбатан курсини 4,27, 7,17 ва 14,48 сўмга туширди
Тошкент. 25 январ. ЎзТАГ – Сўнгги уч ҳафта мобайнида Ўзбекистон Марказий банки миллий валютанинг АҚШ долларига нисбатан курсини 10 январда 4,27, 17 январда 7,17 ва 24 январда 14,48 сўмга туширди, деб хабар беради чоршанба куни Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Ўтган уч ҳафта Ўзбекистон Марказий банки ҳукуматнинг валюта бозорини либераллаштириш режаларига қарамасдан ўз валюта сиёсати бўйича бир тўхтамга келмаганлигини кўрсатади. Бу валюта курсининг олдин 4,27 сўмга, кейин 7,17 ва 14,48 сўмга тушганидан ҳам кўринади.
Шу сабабли на бизнес, на аҳоли валюта бозорининг тамолларига қандай муносабатда бўлишини билмаяпти. Лекин уларнинг ҳар иккиси нима бўлишини ҳаяжон билан кутиб турибди. Чунки ҳамма ҳукуматнинг бир неча валюта курсларини бирлаштириб, сўмнинг ҳақиқий бозор баҳосини кўрсатиш режасидан хабардор. Аммо на аҳоли, на бизнес бу қачон ва қандай шароитларда юз беришини билмайди.
Нима бўлганда ҳам Ўзбекистон Марказий банки юқоридагига доир бирон белги бермаяпти ва шу сабабли бу кутиш ҳолати қанча давом этиши номаълум...
Айни пайтда, DollarUz.com сайти маълумотларига кўра, 4 январда $1 6650 сўмдан сотиб олинган бўлса, 25 январда 6860 сўмга олинмоқда.
Эслатиб ўтамизки, 2016 йил октябри бошидан ва ноябри охиригача МБ сўм курсини ҳафтасига 18 сўм ва ундан кўпга тушириб бораётган, декабрда эса 13 сўм ва ундан кўпга пасайтирган эди.
Ўзбекистон Марказий банки миллий валюта АҚШ долларига нисбатан курсини ҳар сешанба куни белгилайди.