Сўров респондентларнинг 89% зиёди Мирзиёев сиёсатини қўллаб-қувватлашини кўрсатди
Тошкент. 24 июл. ЎзТАГ – “Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази фуқароларнинг президент Шавкат Мирзиёев фаолиятига муносабатига бағишланган сўров ўтказди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Ўзбекистонликларнинг мутлақ кўпчилиги – 89,7% президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган давлат сиёсатининг асосий йўналишларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди, давлат раҳбарининг давлат ва жамият ҳаётини жадал ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш бўйича чора-тадбирларини юксак баҳолайди. Сўровнинг кўплаб қатнашчилари – 83,5% давлат раҳбари ўтказаётган сиёсат аҳолининг орзу-умидларига мос келади, деган фикрни билдирди”, - деб таъкидланади сўровда.
Шунингдек, сўров жараёнида 18-20 ёшдаги ёшларнинг мутлақ кўпчилиги мамлакатдаги ўзгаришларга ижобий муносабатдалиги маълум бўлди. Ёшлар кейинги пайтда давлат ва шахсан Мирзиёевнинг қўллаб-қувватлашини ҳаётнинг турли жабҳаларида ҳис қилаётганларини билдирдилар.
Жамоатчилик фикрини ўрганиш президентнинг аҳоли ўртасида ўсиб бораётган обрўси ва нуфузини тасдиқлади. Сўров жараёнида Шавкат Мирзиёев фуқароларнинг мутлақ кўпчилиги – 92,4% халқ ўртасида юксак обрў-эътибор ва ишончга сазоворлиги, ўзбекистонликлар томонидан қўллаб-қувватланишга муносиб мамлакат етакчиси эканлигини тасдиқлади.
Экспресс-сўров 2017 йил 5 июлдан 14 июл орасида ўтказилган. Сўров иштирокчиларининг 49,2% эркаклар, 50,8% аёллардир.