“Сабот” ўзбек фильми 40-Москва Халқаро Кинофестивалининг асосий дастуридан ўрин олди
Тошкент. 1 феврал. ЎзТАГ – Режиссер Рашид Маликовнинг тўламетражли “Сабот” ўзбек фильми 40-Москва Халқаро Кинофестивалининг асосий дастуридан ўрин олди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Фильм 2018 йилнинг 19-26 апрель кунлари дунёнинг энг нуфузли кинофестивалларидан бири ҳисобланган “А” категориядаги 40-Москва Халқаро Кинофестивалининг Асосий дастуридан ўрин олди”, - дейилади Кинематографияни ривожлантириш маркази матбуот хизмати хабарида.
Шунингдек, фильм Кинематографияни ривожлантириш маркази томонидан 71-Халқаро Канн кинофестивалида дастурдан ташқари намойиш этиш учун тавсия этилмоқда.
Эслатиб ўтамизки, “Сабот” айнан ҳаётий воқеалар, инсоннинг бардоши, қадри, орияти ҳақида сўзловчи психологик драма жанридаги фильм бўлиб, унда бош ролларни Ўзбекистоннинг машҳур актёрлари Карим Мирходиев, Сейдулла Молдахонов, Беҳзод Ҳамраев, Нигора Каримбоева, Зулхумор Мўминова ижро этишган.
2017 йилнинг 9 декабрь куни Кинематографияни ривожлантириш марказида “Сабот” фильмининг ОАВ учун ёпиқ намойиши ҳамда матбуот анжумани бўлиб ўтган эди.
Сурат манбаи: http://enw-fond.ru/den/553-1959-god-otkrytie-1-go-moskovskogo-mezhdunarodnogo-kinofestivalya.html