“Саломатлик” гуманитар поезди Навоий вилоятига жўнаб кетди

Дата: 18:29, 23-03-2016.

Навоий. 23 март. ЎзТАГ – “Соғлом авлод учун” ҳайрия жамғармаси “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ билан ҳамкорликда навбатдаги гуманитар акцияни ташкил қилдилар. Унинг доирасида Навоий вилоятининг олис туманлари аҳолиси учун “Саломатлик” поезди жўнатилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Поезд Тошкент – Навоий – Тинчлик – Конимех – Қара-қата – Мустақиллик – Қизилқудуқ – Бузаубай – Учқудуқ II – Тошкент йўналиши бўйлаб 2016 йил 21-29 март кунлари ҳаракатланади. Поездда малакали шифокорлар бригадаси бўлиб, улар аҳолини, айниқса, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга, ногирон болалар, шунингдек, чекка қишлоқларда яшаётган аёллар ва болаларни тиббий кўрикдан ўтказадилар”, - деб таъкидлашди фонднинг матбуот хизматида.

Муҳтожларга гуманитар ёрдам кўрсатилади. Шунингдек, махсус болалар муассасалари, мактаб интернатлар ва ижтимоий ташкилотлар ҳам кўмак олади. Ушбу инсонпарварлик ёрдами 650,8 млн сўмлик озиқ-овқат, кийим-кечак ҳамда дори-дармон ва тиббиёт анжомлари, тиббиёт жиҳозлари, санитария-гигиена воситаларидан иборат мурувват ёрдамларидан ташкил топган.

Бундан ташқари, жамғарманинг Навоий ҳудудий филиали тиббий ижтимоий ёрдам бригадаси мутахассислари томонидан аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, тиббий маданиятни оширишга қаратилган учрашувлар ўтказилади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: