Самарқанд чиқиндиларни қайта ишлаш соҳасида Ўзбекистонда етакчи бўлади
Тошкент. 10 май. ЎзТАГ – Тарихий Самарқанд чиқиндиларни замонавий бошқариш ва қайта ишлаш соҳасида етакчига айланиши мумкин, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Ушбу башорат Франция кўмагида амалга оширилаётган “Самарқанд шаҳрида қаттиқ маиший чиқиндиларни бошқаришни модернизация қилиш” лойиҳасига кўра долзарбдир.
Франциянинг Ўзбекистондаги элчихонаси маълумотларига кўра, лойиҳа Марказий Осиё учун ноёбдир. Лойиҳа шаҳар аҳолиси турмуш шароитларини яхшилаш, шунингдек, вилоятдаги атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслар, айниқса, сув ресурсларини асраб-авайлаш учун Самарқанд шаҳрига мослаштирилган, чиқиндиларни йиғишдан қайта ишлашгача ва инновацион ечимлар ёрдамида зарарсизлантиришгача бўлган жараёнларни ичига олиб, чиқиндиларни комплекс бошқаришни кўзда тутади.
Яқинда Франция тараққиёт агентлиги (ФАР) мутахассислари Самарқандга ташриф буюрдилар. Ташриф мақсади – лойиҳа доирасида Самарқанд вилояти ҳокимияти, Самарқанд шаҳар ҳокимлиги ва “Мароқанд Обод” ДУК ўртасидаги ишларни йўлга қўйиш ва ривожлантиришдан иборат бўлди.
Учрашувлар доирасида “Мароқанд Обод” бош муҳандиси Жамшид Садиков ФАР шаҳарни ривожлантириш бўлими бошлиғи Александре Монтейрога лойиҳа доирасида 2018 давомида сотиб олинадиган чиқиндиларни йиғиш бўйича махсус техникаларнинг ҳаракатларини оптималлаштириш мақсадида уларнинг ҳаракатланиш маршрутлари концепциясини тақдим этди.
Бу махсус техника “Мароқанд Обод” компанияси барча чиқиндиларни тўплаш ва инновацион, мослаштирилган ва интергациялашган ечимларни талаб қилаётган тез ривожланиб келаётган шаҳар бўйлаб сифатли хизматларни тақдим этиш имкониятини беради.
ФАРнинг Тошкентдаги минтақавий ваколатхонаси директори Рафаэль Жозан ва “Мароканд Обод” раҳбари Абдували Усмонов Самарқанд вилояти ҳокимининг инвестиция масалалари бўйича ўринбосари Отабек Бобоев билан учрашдилар.
Йиғилишда жорий йил 5-7-июн куни Тошкентда “Марказий Осиёда атроф-муҳит ва барқарор ривожланиш соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш” Халқаро экологик форумининг доирасида “давра суҳбати” ўтказиш масалалари муҳокама қилинди. Бу ерда лойиҳа халқаро ҳамжамиятга тақдим этилади.
Лойиҳа Ўзбекистон Президентининг 2017 йил 19 июлдаги 3139 сонли фармонига мувофиқ амалга оширилмоқда.
Сурат манбаи: https://www.spot.uz/ru/2017/11/25/trash/