“Самарқанд Дарвоза” савдо марказида Бобурга бағишланган лойиҳа тақдим қилинди
Тошкент. 13 феврал. ЎзТАГ – Бугун Тошкентдаги “Самарқанд Дарвоза” савдо кўнгилочар марказида Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 532 йиллигига бағишланган “Санъат. Анъаналар. Абадийлик” номли лойиҳа тақдим қилинди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Унда амалий санъат усталари, ёш ёзувчилар, дизайнерлар, рассомлар, фольклор жамоалари қатнашмоқда.
15 февралга қадар давом этадиган лойиҳа Art Life Media Uzbekistan нодавлат ташкилоти томонидан ташкил этилган.
Уч кун давомида бу ерга ташриф буюрганлар Мансур Қурёзов бошчилигидаги Хоразм қўғирчоқ театри, “Баркамол Авлод” доирачилар ансамбли, “Diamond Kids” ва “Асал” рақс гуруҳлари, “Чодир ҳаёл” қўғирчоқ театри чиқишлари, Республика дизайнерлар бадиий коллежи дизайнерлари Замира Жўраева, Феруза Илёсоваларнинг ишлари ва “Diamond Kids” болалар модаси гуруҳининг тақдимотларини кўришлари мумкин.
Эртага шеърият кечаси ўтказилиб, унда таниқли санъат намоёндалари, дипломатик корпус ва ОАВ вакиллари қатнашадилар.