Самарқанд ҳокими вилоят раҳбарлари ва биринчи мансабдор шахсларининг дабдабали тўй ва оилавий тадбирларини танқид қилди

Дата: 17:40, 21-09-2015.

Тошкент. 21 сентябр. ЎзТАГ – Самарқанд ҳокими Зойир Мирзаев вилоят раҳбарлари ва биринчи мансабдор шахсларининг дабдабали тўй ва оилавий тадбирларини танқид қилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Самаркандский вестник” газетаси маълумотларига кўра, вилоят ҳокимиятида тўй тантаналари ва бошқа оилавий тадбирлар, шунингдек, тунги клублар фаолиятини тартибга солиш масалалари муҳокама қилинган.

Йиғилишни вилоят ҳокими З.Мирзаев олиб борган. Унда туман ва шаҳар ҳоким, прокурорлари, аёллар қўмиталари раислари, “Нуроний” ва “Маҳалла” жамғармалари раислари, маънавият ва маърифат бўлимлари бошлиқлари, таълим муассасалари раҳбарлари, “Камолот” ЁШҲ фаоллари қатнашдилар.

Кўрилаётган чораларга қарамасдан, тунги рейдлар таҳлили вазият ижобий томонга ўзгармаганини таъкидланди. Унинг сўзларига кўра, айрим раҳбарлар ва мутасаддилар тўйхона ва ресторанларда дабдабали тўйларни бошқаларга ибрат бўлиши керак бўлган айрим раҳбарлар, зиёлилар, тадбиркорлар ўтказаётгани эса мутлақо кечириб бўлмайдиган ҳолатдир. Мисол сифатида у яқинда Самарқанд шаҳридаги “Мир Саид Барака” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи бир гуруҳ фуқаролар "Эдвентич” меҳмонхонасида ўтказилган тўйни келтириб ўтди. Ушбу тўйдан бутун маҳалланинг тинчи эрталабгача бузилган.

Танталарнинг давомийлигидан ташқари, тўйларга ҳаддан ташқари кўп меҳмон айтилмоқда. Тўйларга 250-300 нафаргача меҳмон айтилиши тавсия этилган бўлса-да ишчи гуруҳ ўрганиши давомида Самарқанд шаҳридаги "Кўк сарой”, "Нодирий” ва бошқа тўйхоналарида 500, ҳатто 1000 кишига жой ҳозирланиб, тўй ўтказилаётгани кузатилган. Тўйхона, ресторанларда санитария-гигиена қоидалари, ёнғин хавфсизлиги талаблари қўпол равишда бузилаётгани, хизмат кўрсатаётган официант, сураткаш, санъаткорлар тегишли рухсатнома ва ҳужжатларсиз фаолият олиб бораётгани кузатилмоқда.

Самарқанд шаҳридаги "Паттая”, "Жавани”, "Шахристан” ва "Ниагара”, "Бархан” тунги клубларида терминаллар ва хизматлар кўрсатишга имкон берувчи ҳеч қандай хужжатларсиз фаолият юритган. Шу ерларда 2,5 миллион сўмга яқин кирим қилинмаган тушум пуллари, истеъмолга яроқсиз 30 миллион сўмлик спиртли ичимликлар, тамаки маҳсулотлари борлиги аниқланган.

Вилоят прокурори Баҳодир Дехқановнинг сўзларига кўра, тунги клубларда вояга етмаган шахсларнинг ҳам учраётгани аниқланмоқда. Бундан ташқари, уларнинг баъзилари шу жойларда ишламоқда. Ана шундай ҳолатлар аниқланган бир қатор тунги клуб раҳбарларига нисбатан жиноят иши қўзғатилди. 

“Дабдабали тўйлар ўтказиш муаммоси энг долзарб муаммолардан биридир, деб ҳисоблайди Самарқанд ҳокимининг ўринбосари, аёллар қўмитаси раиси Н.Суярова. – қатор ташкилотлар ва бошқармалар билан бирга маҳаллаларда тушунтириш ишлари ўтказмоқдамиз, тўйлар ва бошқа тадбирларда бевосита қатнашмоқдамиз”.

Янгилик билан ўртоқлашиш: