Самарқанд ҳокими жамоатчилик олдида ҳисобот берди

Дата: 17:51, 05-03-2016.

Самарқанд. 5 март. ЎзТАГ – Самарқандда бўлиб ўтган семинарда шаҳар ҳокими Акбар Шукуровнинг жамоатчилик олдидаги ҳисоботи тингланди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Шаҳар ҳокимиятидан маълум қилишларича, семинар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида туман (шаҳар) ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда фуқаролар йиғинлари ходимларининг чораклик ҳисоботларини эшитишни ташкил этиш ва ўтказишнинг тартиб-тамойиллари мавзусига бағишланди.

Самарқанд шаҳар ҳокимининг ҳисоботида ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича олиб борилаётган амалий тадбирлар, шаҳарни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, аҳолининг ижтимоий муҳофазага муҳтож қатламини моддий қўллаб-қувватлаш, тадбиркорлик фаолияти субъектларини ташкил этиш, бандликни таъминлаш, тўйлар ва бошқа тадбирларни дабдабаларсиз ўтказиш борасидаги ишлар бўйича маълумотлар тақдим этилди.

Семинарда вилоят ҳамда шаҳар ҳокимликлари, вилоят адлия бошқармаси, фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти ҳудудий бўлинмаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими ва туман, шаҳар бўлинмалари мутасаддилари, шаҳар маҳаллалари оқсоқоллари иштирок этдилар.

Янгилик билан ўртоқлашиш: