Самарқанд вилояти ҳокими билан тўғридан-тўғри мулоқотга 400 мурожаат келиб тушди
Тошкент. 29 июл. ЎзТАГ – Телевизион эфирда Самарқанд вилояти ҳокими Зоир Мирзаев билан бўлган “очиқ мулоқот”га вилоят аҳолисидан 400 зиёд таклиф ва мурожаатлар келиб тушди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Вилоят ҳокимиятидан хабар қилишларича, мулоқот 2014 йилнинг 17 июл куни вилоят телерадиокомпаниясининг “Самарқанд” телеканалида ўтгазилди ва вилоятда тадбиркорликни ривожлантириш масалаларига қаратилди.
Савол ва таклифлар вилоят ҳокимияти сайтида кўрсатилган телефон рақамлари ва электрон почта манзиллари орқали йиғилди. Шунингдек, ҳокимга эфир чоғида тўғридан-тўғри мурожаат қилиш ҳам мумкин эди.
Ҳокимият маълумотига кўра, деярли икки соатлик эфир чоғида Зоир Мирзаев 30 зиёд саволларга жавоб берган. Қолган саволларга мутахассислар томонидан ОАВ орқали жавоб берилади.
“Очиқ мулоқот” якунлари бўйича Самрқандда кўпчилик кишилар тадбиркорлик ва ишлаб чиқариш билан шуғулланиш истагида эканлиги маълум бўлди. Мулоқот чоғида вилоят ҳокими давлат органлари раҳбарларини ташаббускор кишиларнинг режаларини амалга оширишда ёрдам беришга чақирди.