Самарқанд вилоятида 1,8 трлн сўмлик йирик лойиҳаларни амалга ошириш бошланди

Дата: 13:50, 10-11-2017.

Тошкент. 10 ноябр. ЎзТАГ – Самарқанд вилоятида 1,8 трлн сўмлик йирик лойиҳаларни амалга ошириш бошланди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ушбу маълумотлар 9 ноябр куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясидаги нутқида келтирилди.

“Саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги соҳасини оладиган бўлсак, умумий қиймати 1 триллион 800 миллиард сўмлик 321 та йирик лойиҳани амалга ошириш бошланди”, - дейилади давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабарида.

Ўтган даврда вилоятда 24 та йирик корхона ишга туширилди. Хусусан, Самарқанд шаҳрида йилига 8 миллион дона дори воситалари ишлаб чиқарадиган корхона фаолияти йўлга қўйилди. Жомбой туманида 300 гектар ёнғоқзор барпо этилди. Самарқанд туманида 1 миллион парранда боқиладиган хўжалик ташкил этилди. Йил охирига қадар яна 20 та йирик корхона ишга туширилади.

“Яна бир муҳим томони шундаки, бу лойиҳаларнинг ҳаммаси тадбиркорларнинг ташаббуси билан, уларнинг ўз маблағлари иштирокида амалга оширилмоқда. Биз уларга молиялаштириш ва рухсат бериш, қулай имконият яратиш бўйича ёрдам бермоқдамиз, холос”, - деди давлатимиз раҳбари.

Мен ўз маблағи, ташкилотчилиги билан ҳеч бўлмаганда 2-3 та иш ўрни яратган тадбиркорни бошимга кўтаришга тайёрман, деб айтган гапларимни бугун ҳам такрорлашдан чарчамайман. “Мана, Самарқанднинг ўзида шунча корхоналар очилиб, минг-минглаб иш ўринлари яратилаётган экан, бунинг учун вилоятдаги барча кичик бизнес ва тадбиркорлик соҳаси вакилларига чин юракдан раҳмат айтмоқчиман”, - деб таъкидлади Ўзбекистон президенти.

“Ҳақиқатан ҳам, халқ, давлат ниманинг ҳисобидан бой ва қудратли бўлади? Энг аввало, шу йўлда кучини, билим ва тажрибасини, керак бўлса, молию жонини аямайдиган сизлардек тадбиркорлар ҳисобидан. Яқинда Жаҳон банки томонидан ўтказилган бу йилги бизнес соҳасидаги халқаро рейтинг ҳақида оммавий ахборот воситалари хабар эълон қилди. Ўзбекистон ушбу рейтингда 13 поғона юқори кўтарилиб, 190 та мамлакат орасида 74-ўринни эгаллади. Бу борада жаҳондаги энг илғор 10 та ислоҳотчи давлат қаторидан жой олдик. Бу – жуда катта ютуқ, жуда катта эътироф”, - деди Мирзиёев.

Унинг сўзларига кўра, тадбиркорлик ва ишбилармонлик хусусиятлари аввало ёшларга хос фазилат ҳисобланади. Демак, тадбиркорликка йўл очиш – авваламбор ёшларга, келажакка йўл очиш демакдир.

Янгилик билан ўртоқлашиш: