Самарқанд вилоятида 30 янги меҳмонхона қурилади

Дата: 16:25, 06-12-2018.

Тошкент. 6 декабр. ЎзТАГ – Ўзбекистоннинг Самарқанд вилоятида 30 янги меҳмонхона қурилади, бундан 20 таси Самарқандда, Ургут ва Самарқанд туманларида 5 тадан меҳмонхона қурилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ҳокимият матбуот хизматининг берган маълумотига кўра, меҳмонхона қурилиши учун ер участкалари 9 декабрга қадар ажратилади. Бу ҳақида ҳокимнинг 29 ноябрдаги қарорида сўз борган.

Шунингдек, ҳоким қарорида Самарқанд шаҳрида шаҳар бош режасидан келиб чиқиб, 20 та меҳмонхона қуриладиган ер участкаларини белгилаш ҳам кўзда тутилган.

Эслатиб ўтамиз, 24 ноябрда Вазирлар Маҳкамаси “Ўзбекистон Республикасида меҳмонхона бизнесини жадал ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилган. Самарқанд вилояти ҳокими қарори мазкур ҳужжат ижросига бағишланган бўлиб, соҳани ривожлантиришга доир бир қанча вазифалар белгиланган.

Хусусан, намунавий лойиҳалар асосида меҳмонхоналар қуриш юзасидан инвестор-тадбиркорларга амалий ёрдам кўрсатиш бўйича вилоят ишчи гуруҳи ташкил этилади. Қурилиши режалаштирилган меҳмонхоналар учун хорижий ва маҳаллий тадбиркорларни жалб этиш, улар билан музокаралар ўтказиш каби вазифалар ишчи гуруҳ томонидан амалга оширилади.

Икки ой муддатда эса меҳмонхоналарнинг бандлигини таъминлаш ҳамда брон қилишнинг самарали тизимини жорий қилган, кўрсатилаётган хизматларни тарғиб қилган ва меҳмонхона ходимларини ўқитган ҳолда фаолиятни янада ривожлантириш бўйича маркетинг ишлари режаси ишлаб чиқилади.

 

Сурат манбаи: https://news.tj

Янгилик билан ўртоқлашиш: