Самарқанд вилоятида босқинчиликда гумон қилинган икки нафар гумондор қўлга олинди
Тошкент. 12 август. ЎзТАГ - Самарқанд вилоятида босқинчиликда гумон қилинган икки нафар гумондор қўлга олинди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
"2019 йил 11 август куни Самарқанд вилояти Пастдарғом туманида 01.00.да икки нафар номаълум шахс Самарқанд шаҳрида яшовчи 25 ёшли Ж. Б бошқарувидаги «Nexia» русумли автомашинани йўловчи сифатида тўхтатган. "Тўрттом" маҳалласига етиб боргандан кейин икки нафар номаълум шахс ҳайдовчига тан жароҳати етказиб, уни куч ишлатиб машинадан тушириб юборган", - дейилади Ўзбекистон Республикаси ИИВ жамоатчилик билан алоқалар ва ОАВ бошқармаси хабарида.
Ўтказилган қидирув ишлари натижасида қайд этилганидек, "Элбек" маҳалласи ҳудудидан автомобил ғилдираклари ағдарилган ҳолда топилган. "Мазкур жиноят иши юзасидан кўрилган чора-тадбирлар натижасида Тўрттом маҳалласида яшовчи 20 ёшли М.О. ва Нуробод туманида яшовчи 24 ёшли Х.Н. Устидан жиноий иш қўзғатилиб, тергов ишлари олиб борилмоқда", - деб якунланади хабар.
Сурат манбаи: rus.ozodlik.org


