Самарқанд вилоятида гигиена воситалари ишлаб чиқариш бўйича ҚК очилди

Дата: 17:29, 03-12-2018.

Тошкент. 3 декабр. ЎзТАГ – Самарқанд вилоятида гигиена воситалари ишлаб чиқариш бўйича Smart Hugiene Facilities қўшма корхонаси (ҚК) очилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Давлат божхона қўмитаси матбуот хизматининг хабар беришича, экспортга мўлжалланган ва импорт ўрнини босувчи маҳсулот ишлаб чиқариш бўйича янги корхона “Ургут” эркин иқтисодий зонасида (ЭИЗ) очилди.

“Юқори технологик ускуналар билан жиҳозланган Smart Hugiene Facilities қўшма корхонаси Самарқанд вилоятида биринчи бўлиб халқаро стандартларга жавоб берадиган нам салфеткалар, тагликлар ва бошқа гигиена воситаларини ишлаб чиқаришни ўзлаштирди. Бу ерда турли хил пайпоқ маҳсулотлари ҳам ишлаб чиқарилмоқда”, - дейилади хабарда.

“Ҳозирда корхонанинг биринчи босқичи ишга туширилди. (...) Маҳсулотни Ўзбекистон билан қўшни Афғонистон, Тожикистон, Қирғизистон каби бир қатор мамлакатларга экспорт қилиш бўйича ишлар ҳам бошлаб юборилган”, - дейди қўшма корхона цехи бошлиғи Н. Холмуродов.

Янги лойиҳани амалга ошириш натижасида 40 га яқин қишлоқ аҳолиси иш билан таъминланганлиги таъкидланмоқда. Яна маълум қилинишича, қўшимча қувватларнинг ишга туширилиши билан тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмлари сезиларли даражада ошади, компания ходимларининг сони қарийб 100 киши атрофидани ташкил этади.

Эслатиб ўтамиз, яқин келажакда Ўзбекистон президентининг 2017 йилдаги қарори билан ташкил этилган “Ургут” ЭИЗда умумий қиймати $196,2 млн бўлган 60 лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилмоқда. Йирик саноат мажмуининг яратилиши 4 мингдан ортиқ кишини иш билан таъминлашга имкон беради.

Сурат манбаи: https://ok.ru

Янгилик билан ўртоқлашиш: