Самарқанд вилоятида тарихий 4 масжид ва 2 мажмуа ижарага берилади

Дата: 19:06, 01-08-2017.

Тошкент. 1 август. ЎзТАГ – Самарқанд вилоятида тарихий 4 масжид ва 2 мажмуа ижарага берилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) Давлат рақобат қўмитаси ахборот хизматига асосланган ҳолда.

“Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси фойдаланилмаётган моддий маданий мерос объектларини уларда тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш учун инвесторларга таклиф этади”, - дейилади қўмита хабарида. 

Таъкидланишича, ҳукуматнинг “2017-2019 йилларда Самарқанд шаҳри ва Самарқанд вилоятининг туризм салоҳиятини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида фойдаланилмаётган моддий маданий мерос объектларини уларда савдо, меҳмонхона, кўнгилочар ва туризм соҳасининг бошқа объектларини барпо қилиш учун инвесторларга бериш ишларини фаоллаштириш кўзда тутилган. 

Хусусан, Янги Хайробод масжиди, Шайх-ул-Ислом мажмуи, Емини мажмуи, “Кўк масжид” масжиди, “Ургути” масжиди, “Махмуди Хоразмий” масжиди ижарага берилади.

Объектлар Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 8 апрелдаги 102-сонли “Давлат мулкини ижарага бериш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ижарага берилмоқда.

 

Янгилик билан ўртоқлашиш: