Самарқанд вилоятидаги заводда 100 та “КАМАЗ” ишлаб чиқарилди

Дата: 15:49, 28-03-2018.

Тошкент. 28 март. ЎзТАГ – Самарқанд вилояти Жомбой туманидаги UzAutoTrailer заводида 100 та “КАМАЗ” ишлаб чиқарилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу ҳақида, хусусан, 27 март куни “Ўзэкспомарказ” Миллий кўргазмалар мажмуасида Ўзбекистонда йиғилган “КАМАЗ” юк автомобилларининг тақдимот маросимида гапирилди.

Тақдимотда турли оғирликдаги юкларни кўтариш имкониятига эга машиналар, махсус техника, контейнер ташувчилар, тентли яримприцеплар, рефрижераторлар ва россия брендининг бошқа автомобиллари намойиш этилди.

UzAutoTrailer компанияси вакиллари тақдимот маросимида заводда 10 дан 36 тоннагача юк кўтариш қобилиятига эга бўлган 11 турдаги “КАМАЗ” юк автомобиллари йиғилишини маълум қилдилар. Мазкур автомобилларга ўрнатилган двигателларнинг қуввати 240 дан 401 гача от кучигача бўлиб, улар Евро-3, Евро-4 ҳамда Евро-5 экологик меъёрларга жавоб беради.

Айни пайтда, заводнинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати 1500 та юк машинасига тенг, кейинчалик ушбу кўрсаткични 3000 тага етказиш кўзда тутилган. Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган россия техникалари нафақат маҳаллий бозор, балки Марказий Осиё, Яқин Шарқ ва Африка мамлакатларига ҳам етказиб берилади.

Эслатиб ўтамизки, Ўзбекистонда “КАМАЗ” юк автомобилларини ишлаб чиқариш ҳақидаги келишувга ўтган йил апрелда президент Шавкат Мирзиёевнинг Россия Федерациясига ташрифи доирасида эришилган эди.

Сурат манбаи: https://ru.sputniknews-uz.com/economy/20170905/6220123/KAMAZ-vernulsya-v-Uzbekistan.html

Янгилик билан ўртоқлашиш: