Самарқанд вилоятининг Жомбой шаҳрида “КАМАЗ” автомобилларини ишлаб чиқариш бошланди

Дата: 17:35, 30-10-2018.

Тошкент. 30 октябр. ЎзТАГ – Самарқанд вилоятининг Жомбой шаҳрида “КАМАЗ” автомобилларини ишлаб чиқариш бошланди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Автомобилларни йиғиш UzAutoTrailerнинг ишлаб чиқариш майдончасида амалга оширилмоқда.

“Шартномада кўзда тутилгани каби Ўзбекистонда автомобиль ишлаб чиқаришни ташкил этиш доирасида Россия юк машинасозлиги саноати етакчиси республикада “КАМАЗ” автомашиналарини йиғиш учун 100 та тўпламни етказиб берди. Ҳозирги вақтда UzAutoTrailer заводида тўпланган “КАМАЗ” юк автомобилларининг моделлар қаторида юк ташиш ҳажми 10 дан 36 тоннагача бўлган 11 турдаги машинлар бор. 2018 йилда шериклар бозорга тахминан 1500 дона транспорт воситасини, шу жумладан, газ ускуналари билан жиҳозланган юк машиналарини чиқаришни режалаштирмоқдалар. Заводнинг режалаштирилган ишлаб чиқариш қуввати йилига 2 минг дона автомобилни ташкил этади, бу қувватни йилига 5000 донагача ошириш имконияти мавжуд”, - дейилади “Автостат” таҳлилий агентлиги хабарида.

Шу билан бирга, якуний қўшма маҳсулотни сотиш Ўзбекистоннинг ички бозорида ва экспорт бозорларида томонлар ўртасида ташкил этилган дистрибутор (“КАМАЗ” АЖ ва “Ўзавтосаноат” АК – ЎзТАГ) ва унинг дилерлик тармоғи орқали амалга оширилади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда янги юк ташиш автомобиллари ишлаб чиқарилиш томонлар ўртасида 2017 йилнинг ноябрида имзоланган ҳамкорлик келишувининг натижасидир.

Сурат манбаи: https://www.vedomosti.ru

Янгилик билан ўртоқлашиш: