Самарқандда 17 киши хот-догдан заҳарланди
Тошкент. 25 октябр. ЎзТАГ – Самарқандда 17 киши хот-догдан заҳарланди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизматига асосланган ҳолда.
“Вилоят юқумли касалликлар шифохонасига 22 октябр соат 13.00дан 23 октябр соат 17.45га қадар 17 нафар фуқаро кўнгил айниши, бош оғриғи, қорин соҳасида оғриқ, 4-5 марта ич кетиши, тана хароратининг кўтарилганлиги, ҳолсизлик каби касаллик белгилари билан мурожаат қилишган. Уларга “Овқат токсикоинфекцияси, ўрта оғир даражаси” бирламчи ташхиси қўйилиб, касалхонага ётқизилган. Беморларнинг 11 нафари эркак, 3 нафари аёл, 3 нафари 14 ёшгача бўлган болалардир”, - дейилади хабарда.
Шундан кейин қайд этилишича, ўтказилган бирламчи эпидемиологик суруштирув натижасида аниқланишича, беморлар жорий йил 21-22 октябр кунлари Самарқанд шаҳар Саттепо мавзесидаги “Табиат саховати” деҳқон бозори ёнидаги киоска кўринишидаги будкада сотилаётган хот-догдан истеъмол қилишган. Хот-дог таркибида нон, сабзи салат (марковча), бодринг, помидор, сувда пиширилган тухум, пиширилган колбаса, сосиска, кетчуп ва уй шароитида тухум ва ўсимлик мойидан тайёрланган майонез бўлган.
“Сотувчи Ғ.Муродов ўз фаолиятини ўрнатилган тартибда расмийлаштирмасдан, тиббий кўрикдан ўтмасдан, ноқонуний равишда олиб борган. Хот-дог тайёрланган будка санитария-гигиена талабларига мутлақо жавоб бермайди, ичимлик суви билан таъминланмаган, маҳсулотларни сақлаш ва сотиш учун талаб этиладиган санитария шароитлари йўқ”, - дейилади хабарда.
Ҳудудий санитария-эпидемиология хизмати томонидан фуқаро Ғ.Муродовга нисбатан маъмурий иш қўзғатилиб, жарима солинди ва унинг фаолияти тўхтатилди. Маҳсулотлардан лаборатория таҳлили учун намуналар олинди, қолган маҳсулотлар эса савдодан олиниб, белгиланган тартибда йўқ қилинди. Вазият Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан назоратга олинди, деб хулоса қилинади хабарга.
Сурат манбаи: https://ru.sputnik-tj.com