Самарқандда 26 ноябрь куни WTCF Марказий Осиё минтақавий конференцияси бошланади

Дата: 12:33, 25-11-2019.

Тошкент. 25 ноябрь. ЎзТАГ – Самарқандда 26 ноябрь куни Бутунжаҳон сайёҳлик шаҳарлар федерацияси (WTCF) Марказий Осиё минтақавий конференцияси бошланади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

"26-27 ноябрь кунлари Самарқанд шаҳрида Бутунжаҳон сайёҳлик шаҳарлари федерацияси (WTCF) Марказий Осиё минтақавий конференцияси бўлиб ўтади", – дейилади Давлат туризмни ривожлантириш қўмитаси матбуот хизмати хабарида.

Тадбирда Хитойнинг «QYER (Beijing) CompanyLimited», «Utour», «Caissa» каби етакчи сайёҳлик компаниялари, шунингдек, Хитойнинг «Tourism Capital», «Palm Investment Co. Ltd», «Shougang Concord International Enterprises Co. Ltd» каби қатор инвестиция компаниялари вакиллари иштирок этади.

Иштирокчи мамлакатлар орасида Пенанг (Малайзия), Тбилиси, Танжунг Пандан (Индонезия), Гаага (Голландия) ва бошқалар киради. Шунингдек, «China Tourism News», «Global Times», «People.com», «Xinhua News Agency» каби бир қатор хорижий ОАВ вакиллари ҳам иштирок этади.

"Бундай тадбир Ўзбекистон сайёҳлик салоҳиятини жаҳон майдонларида кенг тарғиб этиш, ушбу соҳадаги етакчи шаҳарлар тажрибасидан фойдаланиш учун қўшимча имкониятлар яратади", - дейилади хабарда.

Таъкидланишича, 2019 йил бошида Ўзбекистоннинг шаҳарларидан биринчи бўлиб Самарқанд WTCF аъзолигига қабул қилинган. Ташкилот 142 шаҳар ва 80 халқаро институтларини ўз ичига олади.

Маълумот учун: Бутунжаҳон сайёҳлик шаҳарлар федерацияси (WTCF) – Пекиннинг ташаббуси билан сайёҳлик шаҳарлари ва туризм билан боғлиқ муассасалар билан биргаликда ташкил этилган халқаро сайёҳлик ташкилоти. WTCF Пекинда 2012 йил 15 сентябрда ташкил этилган, унинг Пекинда штаб-квартираси ва котибияти бўлиб, расмий тиллари хитой ва инглиз тиллари.

Сурат манбаи: uzbektourism.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: