Самарқандда 3D-mapping шаклидаги Марказий Осиёдаги илк лазер шоунинг премьераси бўлиб ўтди
Тошкент. 2 сентябр. ЎзТАГ – Самарқанддаги Регистон майдонида 3D-mapping шаклидаги Марказий Осиёдаги илк лазер мусиқа шоусининг премьераси бўлиб ўтди. У “Шарқ тароналари” мусиқа фестивали доирасида ўтказилди, деб хабар қилади Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Фестивал меҳмон ва иштирокчиларига кенг кўламли тарихий спектаклнинг 7-дақиқалик версияси тақдим этилди. Унинг 20 дақиқалик тўлиқ шакли туристик мавсумда тақдим этилиб, экспертлар баҳоларига кўра, мавсумнинг етакчи тенденцияларидан бири бўлади. Ҳозирда 100 маҳаллий ва хорижий дизайнер, таърихчи, 3D-mapping мутахассислари, режиссер ва операторларидан иборат ижодий гуруҳ унинг устида ишлашни тугалламоқда”, – деб таъкидлашди фестивал ташкилий қўмитасида.
Европа ва АҚШдаги бошқа кўнгилочар томошалардан фарқли равишда, Регистон майдонидаги ёруғлик ва мусиқа шоуси реал тарихий воқеаларга асосланган. Ўзбекистон эса 3D шаклидаги томоша доимий асосда ўтказиладиган дунёдаги биринчи мамлакат бўлди. Томошадан кўзланган мақсад – кишиларни мамлакат маданий ва тарихий меъросига жалб қилишдир.


