Самарқандда бир оиланинг беш нафар аъзосининг жасадлари топилди

Дата: 17:31, 16-05-2019.

Тошкент. 16 май. ЎзТАГ – Самарқандда бир оиланинг беш нафар аъзосининг жасадлари топилди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

"15 май куни соат тахминан 13.00 да Қўшработ туманининг " Дўстлик "фуқаролар йиғинида жойлашган фермер хўжалиги ҳудудида "Дамас" русумли автомобилнинг ўрта ва орқа ўриндиқларида фермер хўжалиги ходимлари – А. Х. (1969 й. т.) фермер хўжалиги ходими, унинг хотини, уй бекаси З. Х. (1974 й. т.), ўғиллари Ж. И.(1998 й. т.), А. И. (2002 й. т.) ва О. И. (2004 й. т.)нинг жасадлари топилди. Уларнинг ҳар бирининг бош ва юз қисмида оғир тан жароҳатлари бор, яъни қотиллик аломатлари мавжуд”, - дейилади Бош прокуратура матбуот хизмати хабарида.

Қайд этилганидек, бош прокурорнинг биринчи ўринбосари, Бош прокуратура ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бошқармаси бошлиғи, вилоят прокурори, вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи ва тезкор-тергов гуруҳи аъзолари воқеа жойига зудлик билан етиб келишди.

"Шу куни Иштихон туман прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 97-моддаси иккинчи қисми "а" банди бўйича жиноят иши қўзғатилган", - дейилади хабарда.

Айни пайтда, 24 соат давомида ва ундан кейин, ушбу ўта оғир жиноятни очиш учун тезкор-қидирув ва тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Тергов давомида бош прокуратура томонидан махсус назорат ўрнатилди.

Сурат манбаи: ic24.kz

Янгилик билан ўртоқлашиш: