Самарқандда давлат органларининг очиқлигига бағишланган конференция бўлиб ўтмоқда
Самарқанд. 18 сентябр. ЎзТАГ – Кеча Самарқандда давлат органларининг очиқлигига бағишланган “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги – ахборот олишда фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқи таъминланишининг муҳим кафолати: Ўзбекистон тажрибаси” мавзусида халқаро конференция бошланди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигидан маълум қилишларича, форумга Германия, Буюк Британия, АҚШ, Эстония, Греция, Финляндия давлатларидан келган экспертлар таклиф этилган.
Конференция ишида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, Давлат солиқ, статистика қўмитаси вакиллари, давлат бошқаруви органлари ахборот хизматлари раҳбарлари, фуқаролик жамияти институтлари мутахассислари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этмоқда.
Конференция иштирокчилари “Ўзбекистон давлат органлари фаолиятининг очиқлигини соҳасидаги қонунчилик: бугунги ҳолати ва истиқболлари”, “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш механизмлари”, “ОАВ ва давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари мулоқоти” сессияларида қатнашадилар.