Самарқандда е-спорт бўйича чемпионат босқичи ғолиблари аниқланди

Дата: 12:27, 26-08-2014.

Тошкент. 26 август. ЎзТАГ – 23-24 август кунлари Самарқандда е-спорт бўйича Zo‘r-Zo‘r UCG 2014 - Ўзбекистон чемпионатинг ҳудудий саралаш турнири бўлиб ўтиб, ғолиблар аниқланди, дея хабар қилади Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Beeline”дан хабар қилишларича, унда 120дан ортиқ геймерлар иштирок этишди. Жорий йилда чемпионат FIFA14 ўйини ва DotA Allstars жамоавий ўйини бўйича ўтказилди.

DotA Allstars гуруҳ ўйини бўйича Самарқанддаги ҳудудий саралаш турнирида Жафар Рустамов, Шоолим Шораҳмедов, Бекзод Ботиров, Абдували Аҳмедов ва Рустам Қосимовлар иштирокидаги Lux (N.K.S.) гуруҳи I ўринни эгалладилар. FIFA14 турнири ғолиби эса Самарқандлик Дилшод Абдураҳмонов бўлди. Ғолиблар 20 ва 26 сентябр куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган миллий финалга йўлланма олдилар.

Эслатиб ўтамизки, FIFA14 бўйича Ўзбекистон чемпиони жаҳон кубоги финали ESWC 2014 ўйинларига (Франция) йўлланма олади. Ҳозирча ушбу ўйин бўйича Бухоро ва Самарқанд босқичлари ғолиблари аниқланди, энди Фарғона ва Тошкентда ҳам босқичлар ўтказилади.

Компьютер ўйинлари бўйича UCG Ўзбекистон чемпионати 10 йилдан буён ўтказиб келинади. Жанубий Кореяда ўтказилган AIMAG 2013 IV Осиё ўйинларида, е-спорт бўйича Ўзбекистон терма жамоаси олтин ва кумуш медалларга муносиб топилиб, умумий жамоа ҳисобида иккинчи ўринни эгаллади.

Ўтган йил ноябрь ойида, WCG 2013 жаҳон чемпионатининг Гранд-финалида, Куньшан (Хитой) шаҳрида жаҳон виртуал футболи – FIFA14 бўйича Абдусапи Қаюмов бешинчи ўринни забт этишга муяссар бўлди.

Е-спорт бўйича Ўзбекистон чемпионати Давлат алоқа қўмитаси ва Beeline ҳомийлигида ўтказиб келинади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: