Самарқандда французлар иштирокида маиший чиқиндиларни бошқариш бўйича лойиҳа амалга оширилмоқда

Дата: 16:38, 20-07-2017.

Тошкент. 20 июл. ЎзТАГ – Самарқандда Франция тараққиёт агентлиги билан ҳамкорликда қаттиқ маиший чиқиндиларни бошқаришни модернизация қилиш бўйича лойиҳа амалга оширилмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ушбу масала юзасидан 19 июлда президентнинг ПҚ-3139 сонли қарори қабул қилинди. Лойиҳа қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш, олиб чиқиб кетиш ва жойлаштириш тизимини такомиллаштириш, Самарқанднинг санитар ва экологик ҳолатини яхшилашга қаратилган.

Эслатиб ўтамизки, лойиҳани амалга ошириш мақсадида 2016 йил 19 декабрда Франция тараққиёт агентлиги билан Самарқанд шаҳридаги қаттиқ маиший чиқиндиларни бошқаришни модернизация қилиш лойиҳаси доирасида қиймати $23,5 млнлик 20 йилга мўлжалланган кредит битими имзоланган эди.

Унинг ёрдамида қаттиқ маиший чиқиндиларни қайта тиклаш ва қайта ишлаш тизимини такомиллаштириш орқали Самарқанд шаҳрида қаттиқ маиший чиқиндиларни бошқариш тизимини модернизация қилиш имкони яратилади.

Ўзбекистон ҳиссаси 5,6 млн евро, жумладан, 3,2 млн евро маблағ солиқ ва божхона имтиёзлари шаклида берилган. Лойиҳа 2017-2021 йилларда амалга оширилади.

Самарқанд шаҳар ҳокимлиги қошидаги Maroqand Obod давлат унитар корхонаси лойиҳани амалга оширишга масъул ҳисобланади. 

Самарқанд вилояти ҳокимияти ва “Maroqand Obod” ДУК истеъмолчиларни ҳисобдан ўтказиш, автоматлашган биллинг тизимини жорий қилиш, маблағлар йиғилишини кўпайтириш, ишлаб чиқариш ва молия ҳисобини жорий этиш вазифаси юкланган.

 Улар томонидан янги полигонда грантлар ҳисобига молиялаштирилаётган илмий-техник ютуқлар ва илғор технологияларга мос келувчи биогазни тўплаш ва фойдаланиш тизимини сотиб олиш масаласи ишлаб чиқилади.

 Янги полигон-биореактор учун майдонни тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилади. Қарорга мувофиқ, лойиҳани амалга оширишда қатор имтиёз ва енгилликлар берилган. 

Янгилик билан ўртоқлашиш: