Самарқандда Ислом Каримов мавзолейи, Қаршида ёдгорлиги очилади

Дата: 14:23, 04-09-2017.

Тошкент. 4 сентябр. ЎзТАГ – 2018 йил январда Самарқандда Ислом Каримов мавзолейи, Қаршида ёдгорлиги очилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Роппа-роса бир йил аввал бошимизга оғир қайғу ва мусибат тушган ташвишли кунларда дунё аҳли биз билан ҳамдард бўлиб, Биринчи Президентимизнинг хотирасига юксак эҳтиром кўрсатгани ғоят мушкул дамларда бизга катта мадад берди. Насиб этса, келгуси йил январь ойида Ислом Абдуғаниевич таваллудининг 80 йиллигини кенг нишонлаймиз. Ана шу қутлуғ сана муносабати билан Самарқанд шаҳрида, Биринчи Президентимиз абадий ором топган масканда у кишининг шон-шуҳратига муносиб тарзда бунёд этилаётган улуғвор ва муҳташам мақбара мажмуаси ҳам очилади. Шунингдек, Қарши шаҳрида ҳам муҳташам ҳайкал барпо этилади”, - деб таъкидлади Шавкат Мирзиёев Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов ҳайкалининг очилишига бағишланган тантанали маросимдаги сўзида.

“Муҳтарам Ислом Абдуғаниевич “Бу ҳаёт, бу умр Амударё сувидек тез ва шиддат билан ўтиб кетади, лекин инсоннинг эзгу ишлари, эзгу хотираси боқий яшайди” деган чуқур маъноли сўзларни такрор ва такрор айтар эдилар, - дея таъкидлади у шундан кейин.

“Бугун Ислом аканинг босиб ўтган ибратли ҳаёт йўли, амалга оширган хайрли ишларини эслар эканмиз, бу фикрлар аввало у кишининг ўзларига тўла дахлдор эканини таъкидламоқчиман”, - деб қайд этди Ўзбекистон президенти.

Янгилик билан ўртоқлашиш: