Самарқандда "КамАЗ" шассисини йиғишнинг янги йўналиши ишга туширилди

Дата: 17:31, 26-11-2019.

Тошкент. 26 ноябрь. ЎзТАГ – Самарқандда "КамАЗ" шассисини йиғишнинг янги йўналиши ишга туширилди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

"26 ноябрь куни "UzAuto Trailer" компанияси "КамАЗ" АЖК билан биргаликда "КамАЗ" автомобилларининг шассисини йиғишнинг янги йўналишини расман ишга туширди. Тантанали маросим Татаристон президенти Рустам Миннихоновнинг Ўзбекистонга ишчи ташрифи доирасида бўлиб ўтди", - дейилади Ўзбекистон компанияси матбуот хизмати хабарида.

Қайд этилганидек, янги йиғиш йўналиши умумий майдони 7,4 минг квадрат метр бўлган янги ишлаб чиқариш биносида ташкил этилган. Ушбу йўналиш йилига 3 мингдан ортиқ юк автомобиллари ишлаб чиқариш қувватини таъминлаш имконини берувчи технологик ва ёрдамчи ускуналар билан жиҳозланган. Корпусда "КамАЗ" шассисида газ баллонли ускуналарни йиғиш ва ўрнатиш участкаси ҳам ташкил этилган.

"Янги монтаж йўналишини ташкил этиш "КамАЗ" шассиси ишлаб чиқариш технологиясининг янада чуқурроқ даражасига, маҳаллийлаштирилган аккумулятор батареялари, ёқилғи-мойлаш материаллари, газ баллонлари ва маҳаллий ишлаб чиқаришнинг бошқа таркибий қисмларидан фойдаланишга имкон берди", - дейилади хабарда.

Маросим вақтида UzAuto Trailer компаниясига Hardoх in My Body сертификати топширилди, бу эса завод томонидан ишлаб чиқарилган самосвал кузовининг сифатини кўрсатмоқда.

Шунингдек, UzAutoTrailer ва "КамАЗ" компанияси ўртасида KAMAZ ASIA LEASING қўшма корхонасини ташкил этиш тўғрисидаги таъсис ҳужжатларини имзолаш маросими бўлиб ўтди. Лизинг компаниясининг устав фонди $5 млнни ташкил этади, уларнинг ярми тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар шаклида Россия томонидан таъминланади.

Корхона "КамАЗ" автомобилларини лизингга сотиб олишда "ягона дарча" режимида суғурта қилиш, телематик ускуналар ўрнатиш ва ҳ.к. каби қатор хизматларни таклиф этади. Онлайн хизмат ва холислик дастури тақдим этилади.

Сурат манбаи: uzautotrailer.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: