Самарқандда Халқаро математик олимпиада бошланди

Дата: 17:46, 21-06-2018.

Тошкент. 21 июн. ЎзТАГ – Самарқандда умумий ўрта таълим мактабларининг 10-11 синф ўқувчилари ўртасида Мирзо Улуғбек номидаги Халқаро математик олимпиада бошланди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ташкилотчиларнинг маълумотига кўра, халқаро танловда қатнашиш учун бугун Самарқандга Россия, Беларусь, Япония, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистондан вакиллар ташриф буюрди. Илк бор ўтказилаётган халқаро олимпиадада ушбу мамлакатлар ҳамда юртимизнинг 45 нафар иқтидорли ўқувчилари физика ва астрономия фанлари бўйича беллашади.

Иштирокчиларнинг билими дунёнинг таниқли халқаро даражадаги экспертлари, МДҲ мамлакатларининг профессор-ўқитувчилари томонидан баҳоланади.

Ғолиблар ва совриндорлар ташкилий қўмита томонидан олтин, кумуш, бронза медаллари, диплом ва эсдалик совғалар билан тақдирланади. Ўзбекистондан қатнашган халқаро олимпиада ғолиблари мамлакатдаги олий таълим муассасаларига имтиёзли ўқишга кириш ҳуқуқини қўлга киритади.

Сурат манбаи: http://sof.uz/news/show/14491

Янгилик билан ўртоқлашиш: