Самарқандда Марказий Осиёда хавфсизликни таъминлаш ва барқарор ривожланиш бўйича халқаро конференция бўлиб ўтади

Дата: 16:46, 07-11-2017.

Тошкент. 7 ноябр. ЎзТАГ – 10-11 ноябрда Самарқандда Марказий Осиёда хавфсизликни таъминлаш ва барқарор ривожланиш бўйича халқаро конференция бўлиб ўтади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

БМТ шафелигида ўтказиладиган анжуман “Марказий Осиё: бир ўтмиш ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва ўзаро фаровонлик йўлида ҳамкорлик” деб номланади.

“Форум Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан БМТ Бош Ассамблеясининг 72- мажлисида тилга олган ташаббусларини амалга ошириш ва Марказий Осиёда минтақавий ижтимоий-иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва хавфсизликни таъминлашга қаратилган муҳим амалий қадам бўлади. Маълумки, Марказий Осиёни барқарорлик, барқарор ривожланиш ва яхши қўшничилик ҳудудиига айлантириш Ўзбекистон ташқи сиёсатининг асосий устувор йўналиши этиб белгиланган”, - дейилади Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабарида.

Конференция ташкилотчилари – ташқи ишлар вазирлиги, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази ва БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича минтақавий идорасидир.

Ташкилий қўмита маълумотига кўра, йирик халқаро тадбир ишида 500 дан ортиқ иштирокчи, жумладан, Марказий Осиё давлатларининг ташқи сиёсат маҳкамалари раҳбарлари, МДҲ, Европа, Осиё ва Америка давлатларининг нуфузли расмий делегациялари, БМТ, ЕИ, ЕХҲТ, ШҲТ, МДҲ, ЕТТБ каби 10 дан ортиқ халқаро ташкилотлар раҳбарияти, 100 га яқин таниқли халқаро экспертлар ва етакчи хорижий ОАВ вакиллари, шунингдек, Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган дипломатик корпус аъзолари қатнашади.

Форум дастурига мувофиқ, БМТ Бош котибининг сиёсий масалалар бўйича ёрдамчиси Мирослав Енча, БМТ Бош котиби ёрдамчиси, БМТ Тараққиёт дастурининг Европа ва МДҲ давлатлари бўйича минтақавий бюроси директори Жиҳан Султаноглу, ЕИ ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили Федерика Могерини, Халқаро ҳамкорлик ва тараққиёт бўйича Европа комиссари Невен Мимица, ЕХҲТ Бош котиби Томас Гремингер, МДҲ Ижроия қўмитаси раиси – Ижрочи котиби Сергей Лебедев, ШҲТ Бош котиби Рашид Алимов ва бошқа халқаро тузилмалар раҳбарлари иштирокчиларга мурожаат қилади.

Шунингдек, конференцияда Қозоғистон Республикаси ташқи ишлар вазири Қайрат Абдраҳмонов, Қирғизистон Республикаси ташқи ишлар вазири Эрлан Абдилдаев, Тожикистон Республикаси ташқи ишлар вазири Сирожиддин Аслов, Туркманистон ташқи ишлар вазири Рашид Мередов, Туркия Республикаси ташқи ишлар вазири Мевлут Чавушўғлу, Эрон Ислом Республикаси ташқи ишлар вазири Муҳаммад Жавад Зариф, Афғонистон Ислом Республикаси ташқи ишлар вазири Салоҳуддин Раббоний, АҚШ Миллий хавфсизлик кенгашининг Жанубий ва Марказий Осиё ишлари бўйича катта директори Лиза Кёртис ва хорижий мамлакатларнинг бошқа расмий вакиллари сўзга чиқади.

“Самарқанд конференцияси унинг иштирокчиларига минтақа хавфсизлиги ва тараққиётига доир долзарб масалалар юзасидан фикр алмашиш, уларни ҳал қилишнинг самарали йўлларини ишлаб чиқиш имкониятини яратиши кутилмоқда. Икки кун давом этадиган форум Марказий Осиё давлатлари ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий, сармоявий, транспорт-коммуникация, сув-энергетика, экология ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик суръатини оширишнинг аниқ йўналишлари, шунингдек, тараққиёт бўйича ҳудудий лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда замонавий хатар ва таҳдидларга қарши курашишда мамлакатлар салоҳиятини юксалтиришга кўмаклашишда халқаро ташкилотлар ва ҳамкор давлатларнинг ўрнини муҳокама қилиш имконини беради”, - деб хулоса қилинади хабарда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: