Самарқандда МДҲ давлатларининг биринчи йиллик туристик ярмаркаси бошланди

Дата: 13:20, 10-07-2019.

Тошкент. 10 июль. ЎзТАГ - 9 июль куни Самарқанд шаҳрида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) давлатларининг биринчи йиллик туристик ярмаркаси бошланди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

"Туризм кўргазмаси 2019 йилда Самарқандда бўлиб ўтадиган МДҲ иштирокчи-давлатларининг туризм бўйича Кенгашининг навбатдаги мажлиси доирасида бўлиб ўтади", - дейилади давлат туризмни ривожлантириш қўмитаси матбуот хизмати хабарида.

Қайд этилганидек, Ўзбекистонда 7,4 минг маданий мерос объекти мавжуд бўлиб, 4 шаҳар ЮНЕСКОнинг жаҳон мероси рўйхатига киритилган.

Тадбирнинг икки кунлик дастури МДҲ туристик ярмаркасининг очилиш маросими ва иштирокчи мамлакатлар Туризм кенгаши йиғилиши, миллий стендларга ташриф, янги маршрутлар ва йўриқномалар тақдимоти, "Ипак йўли" халқаро туризм университетидан тақдимотларини ўз ичига олади. Шунингдек, тадбир дастурида "МДҲ давлатларида туризм ва минтақавий ҳамкорлик: янги чақирувлар ва имкониятлар" мавзусида халқаро илмий-амалий семинар ўтказилиши режалаштирилган бўлиб, унда туризмда минтақавий ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинади, соҳани ривожлантириш муаммолари ва уларни ҳал этиш йўллари ўрганилади.

Тадбирда Ўзбекистон вазирликлари ва идоралари вакиллари, Қозоғистон, Беларус, Арманистон, Озарбайжон, Туркманистон, Россия, Қирғизистон ва Тожикистондан келган хорижий ҳамкорлар ва меҳмонлар, илмий ва ишбилармон доиралар, хорижий ва Ўзбекистон ОАВ вакиллари иштирок этиши таъкидланди.

Бундан ташқари, ўзбек томони Покистон, Ўзбекистон, Ҳиндистонга бирлашган саёҳатлар тури лойиҳасини тақдим этди.

Сурат манбаи: uzbektourism.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: