Самарқандда нейрохирурглар форуми бўлиб ўтди

Дата: 15:09, 12-05-2017.

Тошкент. 12 май. ЎзТАГ – Самарқандда Бутунжаҳон нейрохирурглар жамиятларининг таълим курси бўлиб ўтди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Тадбир Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан ўтказилди. 

Унинг маълумотларига кўра, форумда Германия, Франция, Италия, Россия, Хитой, Япония, Туркия давлатларининг етакчи нейрохирурглари, Ўзбекистондаги тиббий муассасалар ходимлари ва олий ўқув юртлари ўқитувчилари иштирок этди. 

Жаҳон нейрохирурглар жамиятлари федерацияси таълим ва ўқитиш қўмитаси раҳбари, профессор Кончезио Ди Рокко, Осиё нейрохирурглар конгресси президенти, профессор Йоко Като бугун дунёда нейрохирургия соҳасида олиб борилаётган илмий-тадқиқот ишлари, даволашнинг самарали йўллари ҳақида сўз юритиб, бу борада Ўзбекистон тиббиётида амалга оширилаётган ишларга юқори баҳо берди. 

 Эслатиб ўтамизки, бугунда Ўзбекистонда 300дан ортиқ нейрохирург фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг 100 нафарга яқини  Самарқанд тиббиёт институти клиникасида фаолият бошлаган ббўлиб, бундан 44 йил олдин айнан шу клиникада Марказий Осиёда илк бор нейрохирургия бўлими ташкил этилган эди.

Конференция доирасида республика нейрохирургия илмий маркази билан Россия ва Япониянинг етакчи тиббиёт муассасалари ўртасида ҳамкорлик бўйича меморандумлар имзоланди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: