Самарқандда сайёҳлик автобусларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилади

Дата: 13:12, 07-11-2017.

Тошкент. 7 ноябр. ЎзТАГ – JV MAN Auto Uzbekistan қўшма корхонаси сайёҳлик автобусларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни режалаштирмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Тез орада Ўзбекистонда Coach bus сериясидаги автобусларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш режалаштирилмоқда. Улардан шаҳар транспорти сифатида ҳам, сайёҳларга хизмат кўрсатишда ҳам фойдаланиш мумкин. Автобуслар қулай сафарлар учун мўлжалланган. Автобуснинг сайёҳлик версияси максимал қулайлик, юқори даражадаги хавфсизлик ва намунавий экологиклиги билан ажралиб туради”, - деб таъкидлади MAN Trucks & Bus AGнинг Марказий Осиё бўйича вакили Жан Кулмаер.

Унинг сўзларига кўра, ҳозирги вақтда Самарқандда MAN A22 CNG серияли шаҳар автобуслари ишлаб чиқарилмоқда, бунда ишлаб чиқаришнинг 30% дан кўпроғи маҳаллийлаштирилган.

“Келажакда JV MAN Auto Uzbekistan қўшма корхонасида ишлаб чиқарилган маҳсулотларни Марказий Осиё мамлакатларига экспорт қилишни режалаштирмоқдамиз. Хусусан, Қозоғистон, Тожикистон ва Туркманистон бозорларида автобусларимизга катта қизиқиш мавжуд. Биз ўзбек филиалини минтақадаги асосий экспорт маркази сифатида кўрмоқдамиз”, - деб хулоса қилди немис компанияси вакили.

Янгилик билан ўртоқлашиш: