Самарқандда СМТИ ва “Валдай” клуби ўртасида ҳамкорлик шартномаси имзоланди

Дата: 11:31, 11-11-2019.

Тошкент. 11 ноябрь. ЎзТАГ – Самарқандда Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ) ва "Валдай" халқаро мунозара клуби ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзоланди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

"10 ноябрь куни Самарқанд халқаро анжуманлар мажмуасида "Валдай" мунозара клубининг Х Осиё конференцияси бошланди”, – дейилади СМТИ матбуот хизмати хабарида.

Қайд этилганидек, тадбирда 11 мамлакатдан, жумладан, Ўзбекистон, Россия, Хитой, Германия, Япония, Швеция, Ҳиндистон, Филиппин, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистондан 80 дан ортиқ эксперт иштирок этмоқда.

Экспертлар мажлис бошланишидан олдин "Ўзбекистон – Россия" махсус сессияси доирасида СМТИ директори Элдор Арипов ва "Валдай" клубини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш жамғармаси кенгаши раиси Андрей Бистрицкий ўртасида икки томонлама учрашув бўлиб ўтди.

Музокараларда томонлар икки мамлакат экспертлари ўртасида ҳамкорлик қилиш ва халқаро ҳамда минтақавий жараёнларни тадқиқ этиш соҳасидаги алоқалар жадаллигини оширишга келишиб олдилар.

"Музокаралар якунида СМТИ ва "Валдай" клубини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш жамғармаси ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзоланди", – деб якунланади хабар.

Сурат манбаи: ismi.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: