Самарқандда ҳудудий банк кўргазмаси бўлиб ўтди
Самарқанд. 30 май. ЎзТАГ – Самарқандда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ташаббуси билан ташкил этилган банк технологиялари, асбоб-ускуналари ва хизматлари ҳудудий “BankExpo – 2016” миллий кўргазмаси бўлиб ўтди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
МБ хабар беришларича, Самарқанд вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари, мазкур фаолият билан шуғулланиш истагидаги фуқаролар, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари иштирок этди.
Кўргазмада тижорат банклари, лизинг ва суғурта компаниялари фаолияти, улар томонидан кўрсатилаётган хизматлар, тадбиркорлар учун яратилган имконият ва имтиёзлар ҳақида атрофлича маълумот берилди.
Кўргазма давомида банк ходимлари ва мутахассислар тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагида бўлган фуқароларга бизнес-режа тузиш, банк кредитларидан фойдаланиш бўйича маслаҳат ва тавсиялар бердилар.
Бундан ташқари, тижорат банклари томонидан Самарқанд вилоятида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари, микрофирмалар, фермерлар ҳамда ўз бизнесини бошлаётган таълим муассасалари битирувчиларининг бизнес лойиҳалари бўйича ўтказилган танлов ғолибларига имтиёзли кредит олиш ҳуқуқини берувчи сертификатлар топширилди.
Эслатиб ўтамизки, 2016 йил бошидан бери вилоят тижорат банклари томонидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида жорий йилнинг ўтган даврида 390,8 млрд сўм кредит маблағлари ажратилди. Шу жумладан, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг бизнес лойиҳаларини қўллаб-қувватлашга 6 миллиард 671 млн сўм кредит йўналтирилган. Бу эса 2015 йилнинг шу даврига нисбатан 2,5 баробар кўпдир.