Самарқандда Япония гранти бўйича Ногиронларни реабилитация қилиш маркази жиҳозланди

Дата: 10:47, 24-12-2015.

Самарқанд. 24 декабр. ЎзТАГ – Самарқанд Ногиронларни реабилитация қилиш марказида Япония ҳукумати кўмагида янги ихтисослашган ускуналар ўрнатилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Япония элчихонасидан хабар қилишларича, $109,5 минглик ускуналар “Самарқанд вилояти минтақавий ногиронларни реабилитация қилиш марказини тиббиёт ускуналари билан жиҳозлаш” лойиҳаси доирасида етказиб берилган.

Ушбу ижтимоий лойиҳа доирасида Марказ барча турдаги умумэътироф этилган физиотерапия муолажалари, жумладан, электротерапия, лазер терапияси, ультратовуш терапияси, магнит терапияси, тракцион терапия ва зарба-тўлқинли терапияни ўзида жамлаган замонавий тиббиёт ускуналари билан жиҳозланди.

Лойиҳаинг очилиш маросимида Япониянинг Ўзбекистондаги элчиси Фумихико Като, шунингдек, Япония Вакиллар палатаси депутати, Япония Либерал-демократик партияси Ҳалқаро алоқалар департаменти директори Кадзунори Танака бошчилигидаги Япония Парламенти делегацияси иштирок этди.

Эслатиб ўтамизки, 1995 йилдан бери Япония ҳукуматининг “Кичик миқёсли ижтимоий лойиҳаларга беғараз ёрдам” дастури доирасида Ўзбекистонда умумий қиймати $23,38 млнлик 352 ижтимоий лойиҳа амалга оширилди. Мазкур лойиҳалар давлат тиббиёт ва таълим муассасалари, маҳаллий ҳокимият органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлашга йўналтирилган.

Янгилик билан ўртоқлашиш: