Самарқандда йирик наркогуруҳга ҳукм ўқилди

Дата: 13:56, 29-09-2017.

Тошкент. 29 сентябр. ЎзТАГ - Миллий хавфсизлик хизматининг (МХХ) Самарқанд вилояти бошқармаси ходимлари махсус операция ўтказиб, афюн савдоси тармоғи фаолиятига чек қўйдилар, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Оператив тадбирлар натижасида Тойлоқ туманидаги яшовчи Илҳом Амонов Самарқанд вилояти ҳудудида ноқонуний гиёҳванд моддалар савдоси бўйича уюшган жиноий гуруҳ ташкил этгани ҳақида ахборот олинди.

“Жамоага Самарқандда яшовчи 6 киши, шу жумладан, муқаддам Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг қатор моддалари бўйича судланиб, амнистияга тушган Тойлоқ бозори раиси Тешақул Қўчқоров, “Тайлоқ Илхом АИА” ХК директори Илҳом Азимовлар киришган”, - дейилади куч тизими хабарида.

Жаҳонгир Шарипов курьер ва таъминотчи вазифасини бажарган ва моддаларни “Спарк” автомашинасида ташиган. Гуруҳнинг Аброрқул Раҳматов, Икромжон Турдиалиев, Бахтиёр Вахобов каби аъзолари наркотик воситаларни бўлиб сотиш билан шуғуланишган. Тешақул Қўчқоров моддаларни бозор ҳудудида сотишни ташкил этган. Илҳом Азимов мижозларни қидирган.

“МХХ Махсус операция доирасида жиноий гуруҳнинг барча аъзоларини ҳибсга олди. Жиноятчилардан наркотик воситалардан ташқари электрон тарозилар, уч енгил автомобиль олиб қўйилди.

Суд жараёнида судланувчилар ўзларининг айбларини тўла тан олдилар ва қилган ишларидан пушаймон бўлдилар. Жиноят ишлари бўйича Тойлоқ туман суди қарори билан И.Амонов Жиноят кодексининг бир қатор моддалари бўйича 12 йилга, А.Раҳматов, И.Турдиалиев, Т.Кучкоровлар 11 йилга, Ж.Шарипов ва Б.Ваҳобов 10 йилга, И.Азимов 3 йил 6 ойга озодликдан маҳрум этилди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: