Самарқандда зўравонлик ва талончилик билан шуғулланган жиноятчилар зарарсизлантирилди
Самарқанд. 4 октябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон миллий хавфсизлик хизмати ходимлари Самарқанд шаҳрида зўравонлик, талончилик, тадбиркорлардан пул ундириш билан шуғулланган жиноятчиларни қўлга олдилар, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Самарқандлик ишсизлар 28 ёшли Наврўз Юсупов ва унинг шериги 33 ёшли Озода Муродовалар тадбиркорларга жисмоний зўрлик ва ўлим билан таҳдид қилган ҳолда улардан пул ундириш, шунингдек, уларнинг қариндошларига таҳдид қилиш билан шуғулланишган.
“Жиноий жуфтлик қатор йирик жиноятларни содир этган. Улар оддий талончиликдан бошлашган. Масалан, Самарқандда яшовчи кишига хужум қилиб, уни уриб, жабрланган кишининг “Кобальт” автомобилини ичидаги нарсалари билан бирга олиб қочиб кетишган. Шунингдек, безорилар баъзи кишиларга таҳдид ва зўрлик қилган ҳолда уларга қарашли тилла буюмларни ҳам олиб қўйишган”, - дейилади суд хабарида.
Кейинчалик жиноий гуруҳ шаҳардаги бир неча ресторан ва савдо нуқталарини қўл остига олишга уринади. Улар мулк эгаларини ўзларининг жорий ҳаражатларини тўлашга мажбур қилиб, муассасалар хизматларидан тегишли тўловларсиз фойдаланишган.
Куч тизимларининг махсус операцияси натижасида жиноятчилар ушланди. Уларнинг иши бўйича суд жараёни Жиноят ишлари бўйича Самарқанд судида бўлиб ўтди ва жиноятчилар ўз айбларини тўлиқ тан олдилар.
Кўриб чиқилган материал ва ашёвий далиллар асосида Наврўз Юсупов ва Озода Муродовалар Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 166 (Талончилик), 267 (Транспорт воситасини олиб қочиш) ва 277 (Беъзорилик) моддаларига мувофиқ суд қилиниб, ҳар бирига 4 йилдан озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланди.