Самарқандда Ўзбекистон, Қозоғистон ва Туркманистоннинг давлат чегаралари туташган нуқтаси тўғрисида шартнома имзоланди

Дата: 11:36, 10-11-2017.

Тошкент. 10 ноябр. ЎзТАГ – Самарқандда Ўзбекистон, Қозоғистон ва Туркманистоннинг давлат чегаралари туташган нуқтаси тўғрисида шартнома имзоланди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) россия ОАВга асосланган ҳолда.

Sputnik Узбекистан мухбирининг хабар қилишича, уч томонлама ҳужжат ташқи ишлар вазирлари Абдулазиз Камилов, Кайрат Абдрахманов ва Рашид Мередовлар тарафидан имзоланган.

Бундан ташқари, Самарқанддаги бугунги учрашув доирасида яна бир ҳужжат - Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасида стратегик ҳамкорлик тўғрисидаги шартномани ратификация қилиш бўйича баённома ҳам имзоланди.

Эслатиб ўтамизки, бугун Самарқанд шаҳрида Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарор ривожланишни таъминлаш бўйича “Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик” мавзуида халқаро конференция очилмоқда.

Ушбу йирик тадбир ишида МДҲ, Европа, Осиё ва Америка давлатларидан 500 ортиқ киши, 10 ортиқ халқаро ташкилотларнинг раҳбарлари қатнашишлари кутилмоқда.

Бундан олдинроқ Қозоғистоннинг Тошкентдаги элчиси Ерик Утембаев Ўзбекистон ва Қозоғистон жорий йилда давлат чегаралари демаркацияси бўйича барча масалаларни ҳал қилишни режалаштирганликларини маълум қилган эди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: