Самарқандда Ўзбекистон ва Қозоғистон ИИВ делегацияларининг учрашуви бўлиб ўтди

Дата: 14:33, 14-05-2018.

Тошкент. 14 май. ЎзТАГ – Самарқандда Ўзбекистон ва Қозоғистон ИИВ делегацияларининг учрашуви бўлиб ўтди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири, генерал-майор П. Бобожонов ва Қозоғистон Республикаси Ички ишлар вазири, полиция генерал-полковниги К. Қосимов бошчилигидаги ҳар иккала мамлакат ИИВ делегацияларининг учрашуви бўлиб ўтди. Учрашувда, шунингдек, ўзаро дўст икки давлат ички ишлар органларининг масъул ходимлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар”, - дейилади Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси ходими Эркин Сатторовнинг хабарида.

Шуни қайд этиш керакки, Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида деярли барча соҳаларда, шу жумладан, жиноятчиликка қарши курашиш масалалари бўйича ҳам яқин, самарали ҳамкорлик ўрнатилган. Бу жиҳатдан Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимлари касб маҳоратини ва масъулият туйғусини намоён этиб, халқларимизнинг тинчлик-осойишталигини кўзлаб, трансмиллий ва умумжиноий жиноятчилик йўлига мустаҳкам тўсиқ қўйишган.

“Ўзбекистон ва Қозоғистон Ички ишлар вазирлари тадбир иштирокчиларига умумий мурожаатларида, жумладан, халқаро терроризм, экстремизм, гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланиши, ноқонуний миграция, одам савдоси ва бошқа жиноятлар глобал хусусият касб этаётган ҳозирги пайтда дўстона муносабатда бўлган мамлакатларимизнинг ҳуқуқ-тартибот посбонлари яқин ҳамкорлиги, ўзаро тажриба алмашиш, биргаликда махсус операциялар ўтказиш, мунтазам ахборот алмашиш доимо диққат марказида бўлиши лозимлигини, бу борадаги ҳамкорликни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш зарурлигини таъкидладилар. Икки томонлама учрашув чоғида кун тартиби доирасида биринчи даражали аҳамиятга молик бўлган бир қатор долзарб масалалар муҳокама қилинди”, - дейилади хабарда.

Жиноятчиликка қарши курашиш соҳасида Ўзбекистон ва Қозоғистон ички ишлар органларининг ўзаро ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, биргаликда тезкор-қидирув тадбирлари ўтказиш, терроризм ва экстремизм кўринишларининг олдини олиш борасида иккала мамлакат Ички ишлар вазирликларининг ҳамкорлиги мулоқотнинг асосий мавзуси бўлди. Томонлар “Қозоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг ва Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг мувофиқлаштирувчи гуруҳини тузиш тўғрисида”ги қўшма буйруқни имзоладилар, шунингдек бошқа долзарб масалаларни ҳам муҳокама қилиб, ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини белгилаб олдилар.

Тадбир якунида учрашув иштирокчилари Самарқанд шаҳри бўйлаб саёҳат қилишди, Шарқ гавҳарининг осори атиқалари, диққатга сазовор жойларини кўздан кечиришди.

Сурат манбаи: http://lenta.inform.kz/ru/mvd-kazahstana-i-uzbekistana-sozdali-sovmestnuyu-koordinacionnuyu-gruppu_a3249592

Янгилик билан ўртоқлашиш: