Самарқанддаги Қабуллар уйида халқаро конференция иш бошлади
Тошкент. 16 май. ЎзТАГ – Кеча Самарқанд шаҳридаги Қабуллар уйида “Ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий мероси, унинг замонавий цивилизация ривожидаги роли ва аҳамияти” мавзусида халқаро конференция бошланди, дея хабар беради ЎзА.
Ушбу халқаро анжуманда АҚШ, Буюк Британия, Италия, Хитой, Жанубий Корея, Германия, Япония, Ҳиндистон, Миср, Индонезия, Саудия Арабистони, Кувайт, Россия, Озарбайжон каби элликка яқин мамлакатдан олимлар, нуфузли халқаро ташкилотлар раҳбарлари, олий таълим муассасалари профессорлари, илмий марказлар ва институтлар мутахассислари, экспертлар иштирок этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов халқаро конференциянинг очилиш маросимида нутқ сўзлади.
ЮНЕСКО Бош директорининг ўринбосари, Осиё ва Тинч океани минтақавий бюроси директори Хуберт Гизен ўрта асрлар Шарқ алломаларининг дунё тамаддунида тутган ўрни, илм-фан ва санъат ривожига қўшган ҳиссасини алоҳида қайд этди.
Конференцияда ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг ҳаёти ва ижоди, уларнинг тарихий мероси ва илмий мактаблари фаолияти ҳақида видеофильм намойиш этилди, деб ёзади агентлик.