Самарақанд вилояти божхона бошқармаси ходимлари томонидан 957 литр алкоголь маҳсулотлари олиб қўйилди
Тошкент. 26 ноябр. ЎзТАГ – 2015 йил бошидан бери Самарқанд вилояти божхона бошқармаси ходимлари томонидан бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилиш муамссасалар вакиллари билан ўтказилган рейдлар доирасида 957 литр сифатсиз алкоголь маҳсулотлари олиб қўйилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) бошқарма ахборот хизматига асосланган ҳолда.
Маълумотга кўра, хусусан, Оқтош туманида ўтказилган ҳамкорликдаги рейд давомида мазкур тумандаги уйнинг ертўласида қўлбола усулда тайёрланган ароқларни қадоқлашга мўлжалланган воситалар, шу жумладан, 943 дона муқаддам ишлатилган бутилка металл ва пластмасса қопқоқлари, 50 дона бутилка қопқоғига ўраладиган полиэтилен қопламалар, 85 дона бир хил серия рақамига эга сохта акциз маркалар топилди.
Шунингдек, Каттақўрғон туманидаги уй текширилганда, бу ерда 85 литрдан ортиқ 2 турдаги 190 шиша контрафакт ароқлар қонунга зид равишда сақланаётганини аниқланди. Айни пайтда, ароқларга ёпиштирилган акциз маркаларининг серия рақамлари деярли бир хил бўлган.
Бундан ташқари, Самарқанд шаҳридаги уйдан 17 литрдан ортиқ 2 турдаги 22 дона таниқли хорижий брендларнинг қалбакиси бўлган қонтрафакт вискилар топилди. Қонунга хилоф равишда сақланаётгани фош этилди.
Ҳозирда юқоридаги ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув ҳаракатлари давом этмоқда.
Эслатиб ўтамизки, Ўзбекистон Республикаси ЖК 186-моддасига биноан этил спирти, алкоголли ва тамаки маҳсулотларини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш ёки муомалага киритиш анча миқдорда ёхуд шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса энг кам ойлик иш ҳақининг 200 бараваридан 400 бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.


