Самвел Бабаян Ўзбекистон термасининг ЖЧ-2018га чиқиш имкониятлари бор деб ҳисоблайди
Тошкент. 14 июн. ЎзТАГ – Футбол бўйича Ўзбекистон термасининг бош тренери Самвел Бабаян жамоанинг ЖЧ-2018га чиқиш имкониятлари бор деб ҳисоблайди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
У ушбу фикрни Россияда бўлиб ўтувчи ЖЧ-2018 турнирига саралаш босқичи 8-туридан ўрин олган Эрон-Ўзбекистон (2:0) учрашувидан кейин ўтказилган матбуот анжуманида айтиб ўтди.
“Биринчи навбатда Эрон терма жамоасини Россия бўлиб ўтадиган ЖЧ-2018 турнирига чиққани билан табриклайман. Улар ҳақли равишда мундиал йўлланмасини қўлга киритганини тан олиш керак. Ўзбекистонда ЖЧ йўлланмасини қўлга киритиш учун ҳамон имконият сақланиб қолди. Мазкур ўйинга тайёргарлик кўриш жараёнида кўплаб йўқотишларга дуч келдик ва бугунги ўйин бошида йўқотишлар яна биттага кўпайди. Бу учрашувдаги режамизга ўз таъсирини ўтказди ва кутилган ўйинни кўрсата олмадик. Станислав Андреевнинг жароҳат олиб, майдонни тарк этиши ва мажбурий ўзгартириш амалга оширганимиз сабабли ўйланган режага кўра Сервер Жепаров бугун майдонга туша олмади”, - деди у.
“Лекин биз умид узганимиз йўқ. Қолган икки ўйинда ғалаба қозонишимиз керак”, - деди С.Бабаян.
8-турдаги ғалабадан кейин Эрон терма жамоаси очколари сонини 20тага етказиб, муддатидан аввал Россиядаги мундиалга йўлланма олди. Ўзбекистон 12 очко билан “А” гуруҳида учинчи ўринда бормоқда.