Санкт-Петербург денгиз порти юқори тезликдаги Talgo-250 поездини 1,6% Ўзбекистонга жўнатди
Тошкент. 19 апрел. ЎзТАГ – Санкт-Петербург денгиз порти юқори тезликдаги Talgo-250 поездини 1,6% Ўзбекистонга жўнатди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“2017 йил 14 апрелда “Санкт-Петербург денгиз порти” АЖ (UCL Holding таркибига киради) Бильбаодан “Ўзбекистон темир йўллари” учун етиб келган Talgo-250 тезюрар испан поездини қабул қилиб олди. Поезд Finnlines – Finnwaw линияси пароми билан 2-порт терминалига етказилган”, - дейилади портнинг жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.
Поезд паром-причал-рельс схемаси бўйича кранлар ёрдамида қуруқликка туширилган ва бир таркибга бирлаштирилган.
“Поезднинг умумий узунлиги 183 метрни, оғирлиги 350 тоннани ташкил қилади. Talgo-250 поезди 67 тонналик иккита локомотив ва 14 тоннадан 18 тоннагача бўлган 11 та вагондан иборат. Ушбу вагонлардан 6таси эконом тоифага, 2таси биринчи тоифага, 2таси VIP тоифага тегишли ва битта вагон-бистро ҳам мавжуд”, - деб таъкидланади хабарда.
Talgo-250 божхона тартиботларидан ўтказилгач, Металлострой станцияси депосига текширувдан ўтиш ва қурилмаларни созлаш учун олиб кетилган. Кейин “РЖД” тепловози испан поездини Ўзбекистонга олиб кетади.
Таъкидланишича, СПб ДП юқори тезликдаги Talgo-250 поездларини тўртинчи марта туширмоқда. Бундан олдинги тушириш операциялари 2011 йил июл ва декабрда ўтказилган. Учинчи тушириш ишлари жорий йил феврал охирида амалга оширилган.
Эслатиб ўтамизки, UCL Holding халқаро транспорт гуруҳига тегишли UCL Port ширкатига қарашли “Санкт-Петербург денгиз порти” АЖ Санкт-Петербург Катта портида барча турдаги қуруқ юкларни жўнатиш билан шуғулланувчи йирик оператордир. 2016 йилда компаниянинг юк айланмаси 7,3 млн тоннани ташкил этди.